БЎСТОНБУВА МАҚБАРАСИ

БЎСТОНБУВА МАҚБАРАСИ — Фаргона вилояти Бувайда туманидатк меъморий ёдгорлик (15—16-а. лар). Халқ орасида Бўстонбува номи билан машҳур бўлган, 9-а. да яшаб ўтган тасаввуфчи шайхлардан бири Султон Боязид Бистомий дафн қилинган деб тахмин қилинади (Алишер Навоий «Насойим улмуҳаббат» асарида ва 18-а. да яратилган «Тазкират улавлиён туркин»да шайхга юқори баҳо берилган). Мақбара пишиқ ғиштдан гумбазли қилиб қурилган. Чортоқ тарҳли зиёратхона ва мурабба тарҳли гўрхонадан иборат (15×7,2 м). Пештоқида кўп қиррали юлдузсимон ва айлана шаклидаги уймакори безаклар сакданган. Пештоқининг икки ёнидаги гуддасталар бинога маҳобат бахш этган.