БЎСТОН САНАТОРИЙСИ

«БЎСТОН» САНАТОРИЙСИ — бальнеологик курорт. Тошкент ш. дан 30 км узоқликда, Чирчиқ ш. да, денгиз сатҳидан 550 м баландликда жойлашган. Майд. 37,5 га. Шундан 16 га мевали боғ ва манзарали дарахтзорлардан иборат. Иқлими континентал: қиши юмшоқ, ёзи иссиқ, янв. нинг ўртача т-раси —1,5°, июлники 25°, нисбий намлиги 55%, қуёшли кунлар давомлилиги йилига 2700 соат. Даволаш мақсадида кам минераллашган термал (42°), сульфаткальций натрийли кучсиз ишқорли азотли сув ванналар ва ичиш учун, Жиззах вилояти Зомин тумани «Балиқли кўл»дан олиб келинадиган балчиқдан гальваник балчиқ, парафин ва озокерит кўринишида фойдаланилади. Бундан ташқари, физиотерапия, массаж, иқлим билан даволаш усуллари ҳам қўлланилади. Санаторийда қон айланиш аъзолари, нерв системаси, гинекологик ва урологик касалликлари бор кишилар даволанади. 400 ўринга мўлжалланган ётоқ корпуслари (бир ва икки ўринли), клуб, кутубхона, сауна, фитобар мавжуд.