БЎЛИНМАС ФОНД

БЎЛИНМАС ФОНД — жамоа хўжаликларининг бўлинмас фонди — жамоа хўжаликлари, ширкат хўжаликларининг аъзолари ўртасида тақсимланмайдиган жамғармалар. Б. ф. таркиби асосий ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш воситалари (бинолар, иншоотлар, турли техника ва механизмлар, транспорт воситалари, боқувдаги ва маҳсулдор моллар, кўп йиллик дарахтлар, мевали боғлар, коллектордренаж тармоклари, гидротехника иншоотлари, йўллар ва ижтимоий соҳа объектлари, узоқ муддатли қўйилмалар, тугалланмаган қурилишлар ва б.) ва айланма воситалар (турли хил хом ашёлар, тайёр маҳсулотлар, уруғлик, емхашак ва б. чорва озуқа маҳсулотлари, ёқилғи материаллари, ўғит ва кимёвий препаратлар, эҳтиёт қисмлар, ҳисоб рақамидаги пул маблағлари ва б.) дан ташкил топади. Бўлинмас фонд хўжалик соф фойдасидан ажратмалар ҳисобига кўпайтирилади ва у кенгайтирилган такрор и. ч. ни амалга ошириш, умумхўжалик ва ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни бажаришга сарфланади. Бўлинмас фонд объектлари ва б. манбалари ҳар йили хатланади ҳамда унинг келгуси ҳисобот йилидаги миқдори хўжалик умумий йиғилишида тасдиқлаб берилади.

Тарихан Бўлинмас фондлар Ўзбекистонда жамоа хўжаликлари тузиш даврида вужудга келди. 1926 й. июнда қ. х. жамоалари собиқ Бутуниттифоқ кенгашида жамоа хўжаликлари Бўлинмас фондни яратиш ҳақида қарор қабул қилиниб, у 1927 й. мартдаги «Жамоа хўжаликлари тўғрисида»ги Қонуни билан амалиётга жорий этилди. Бўлинмас фонд жамоа хўжаликларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бироқ уларнинг кейинги ривожланиш босқичларида собиқ Иттифоқ иқтисодий тизимида йўл қўйилган хатокамчиликлар (мас, давлат хўжаликларининг ролини сунъий равишда оширилиши ва жамоа хўжаликларига эътиборнинг сусайиши) туфайли Бўлинмас фонд, шу билан бирга хўжаликни ташкил этиш жараёнида аъзоларнинг қўшган пай бадаллари ҳам давлат мулкига айлантиридци. Натижада Бўлинмас фондлар барҳам топди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, қ. х. корхоналарида кенгайтирилган такрор и. ч. ни кафолатлаш манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. УзР Олий Мажлисининг 11сессиясида (1998 й. апр.) тасдикланган «Қишлоқ хўжалиги ширкати тўғрисида»ги Қонун асосида Бўлинмас фонд қайтадан тикланиб, амалиётга жорий этилди. Бўлинмас фондни ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартибқридалари «Қишлоқ хўжалиги ширкатининг Устави» ва Қ«ишлоқ хўжалиги ширкатининг бўлинмас фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тўғрисида Низом»га (1998) асосан амалга оширилади. Бу ҳужжатларга кура, ширкатнинг умумий мулки, яъни Устав капитали пай жамгармаси ва Бўлинмас фонддан ташкил топади (Б. ф. миқдори Устав капиталининг 40% дан кам бўлмаслиги керак) ва ширкат аъзолари уларга нисбатан мустақил тасарруф этиш, эгалик қилиш, фойдаланиш каби ҳуқуқларни амалга оширадилар. Ширкат қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган ҳолларда Бўлинмас фонд таркибидаги ижтимоий инфратузилма (маориф, маданият ва б. соҳалар объектлари) қайта тақсимланмай, балки умумий йиғилиш ёки махсус (тугатиш) комиссия қарори билан тегишли муассаса ёки маҳаллий давлат органлари тасарруфига берилади. Бўлинмас фонд яратиш ва ундан фойдаланиш механизми қ. х. да ишлаб чиқаришни ҳамда мулкий муносабатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Қурбон Чориев.