БЎКАНТОВ

БЎКАНТОВ — Марказий Қизилқумдаги қолдиқ тоғлар, ғарбдан жан. шарққа йўналган. Навоий вилояти ҳудудида. Мутлақ бал. 500 м. Б. га Туҳфаберган, Бўздўнгтов, Бўкантов ясситоғлиги киради. Геологик тузилиши жиҳатдан палеозой эрасида ҳосил бўлган қад. бурмали яхлит тоғли ўлка қолдиғи. Мезозойнинг қуйи босқичидан то юқори учламчи даврга қадар Қизилқум ўрнида денгиз бўлган, ўша даврда Бўкантов орол тарзида кўтарилиб турган, кейинчалик усти текисланиб кетган. Бўкантовнинг жан. ён бағри тик ва қисқа шим. ён бағри эса қия ҳамда кенг. Ён бағирларида қуруқ сой кўп. Бўкантовнинг иқлими қуруқ ва кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 28—30°, дек. —янв. нинг минимум т-раси —30°, йиллик ёғин миқдори 100—200 мм. Бўкантовда доимий оқар сувлар йўқ. Сув булоқ ва қудуқлардан олинади. Бўзқўнғир тупроқ кўп учрайди, шувоқ, боялич, читир, бетага ўсади; тошбақа, калтакесак, эчкемар, юмронқозиқ, чарх илон яшайди. Бўкантов яйловларида қоракўл қўйлари боқилади.