БЎКА ТУМАНИ

БЎКА ТУМАНИ — Тошкент вилояти таркибидаги туман. Вилоятнинг жан. ғарбий қисмида жойлашган. 1943 й. 18 майда ташкил этилган. Шим. ғарбда вилоятнинг Оққўрғон, шим. шарқда Пискент, жан. да Бекобод туманлари б-н, ғарбда Сирдарё вилоятининг Оқолтин ва Гулистон туманлари, шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,59 минг км2. Аҳолиси 111,8 минг киши (2001). Бўка туманида 1 шаҳар (Бўка), 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бўстон, Кўкорол, Намуна, Равот, Турон, Чиғатой, Қорақўйли, Қўштепа) бор. Маркази — Бўка ш.

Табиати. Бўка тумани ҳудуди жан. ва жан. ғарбга томон Сирдарёга кия тушган тоғ олди текислигидан иборат. Иқлими кескин континентал, қуруқ икдим. Янв. нинг ўртача т-раси —1» дан —1,5» гача, июлники 27°. Вегетация даври 210—215 кун. Йилига 250—350 мм ёғин тушади. Бўз тупроқлар билан қопланган, лёссли текисликнинг кўп қисми узлаштирилган. Даре террасаларида аллювиал тупроклар, Сирдарё соҳилларида тўқайзорлар бор. Уларда чиябўри, қуён, тустовуқ учрайди.

Аҳолиси, асосан ўзбеклар; шунингдек рус, тожик, қозоқ, киргиз, турк ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км! га 155 киши. Шаҳарликлар 20,5 минг киши, қишлоқ аҳолиси 91,3 минг киши (2001).

Хўжалиги. Бўка тумани саноати камривожланган. Пахта тозалаш з-ди, маиший хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар, автобазалар, автобустаксомотор парки бор. Туркия билан ҳамкорликда қурилган «Аккуммашсервис» корхонаси трактор ва автомобиллар учун аккумулятор батареялари ишлаб чиқаради. 168 кичик корхона, 15 кооператив корхона мавжуд.

Қ. х. туман хужалигининг етакчи тармоғи бўлиб, асосан пахтачилик, сабзавотчилик, чорвачиликка ихтисослашган. Туман ҳиссасига Тошкент вилояти қ. х. ялпи маҳсулотининг 8,2%, пахта ялпи ҳосилининг 15,2%, ғалланинг 9,7% тўғри келади (1995). Бўка тумани даги 22 ширкат хўжалигининг 21 таси пахтачиликка, биттаси боғдорчилик, токчиликка ихтисослашган, 1 та хўжаликаро қ. х. корхонаси, 279 фермер хўжалиги, 206 шахсий кичик корхона бор. Умумий экин майд. (томорқалар б-н биргаликда) 38,7 минг га бўлиб, асосан суғориладиган ерлардир. Экин майдонининг асосий қисми пахта, ғалла, сабзавот, картошка, емхашак экинлари билан банд. Пилла етиштирилади. Балиқчилик б-н шуғулланилади. Чорвачилиги асосан гўшт-сут етиштиришга ихтисослашган. Туманда 25,8 минг қорамол, шундан 11,8 минг сигир, 19,9 минг қўй ва эчки бор. Бўка тумани Тошкент вилояти ва республика туманлари билан автомобиль йўллари орқали боғланган.

1999/2000 ўқув йилида 52 умумий таълим мактабида 23400 ўқувчи ўқиди. Академик лицей, мусика мактаби, агроколлеж, 50 мактабгача ёшдаги болалар муассасаси, 48 кутубхона, музей, маданият саройи, кинотеатр мавжуд. Марказий касалхона (370 ўринли), 3 қишлоқ касалхонаси, фельдшеракушерлик пунктларида 160 врач, 975 ўрта тиббий ходим фаолият кўрсатади. «Халқ овози» туман газ. (1952 й. дан) нашр этилади.