БУҒУЧИЛИК

БУҒУЧИЛИК — чорвачилик тармоғи, шимол ва пант буғуларини етиштириш ва хўжалик мақсадларида фойдаланиш билан шуғулланади. Шимол Буғучиликда хонакилаштирилган шимол буғулари гўшт, тери, сут олиш учун ҳамда улов тарзида фойдаланиш мақсадларида, пант Буғучиликда олачипор буғу, марал, изюбрь шохи (пант) олиш, шунингдек гўшти ва териси учун боқилади. Шимол буғучилиги Чекка Шимол қ. х. нинг энг муҳим тармоғи. Буғулар подалари (1500—1800 бош) яйловдан яйловга кўчиб — баҳор ва ёзда очиқ тундрада, қишда ўрмон тундра (тайга)да ўтлатиб боқилади.

3—5 ойлик бузоқлари (25—30 кг гўшт беради) ва катта ёшдаги буғулар гўшт олиш учун сўйилади. Урғочи буғулардан соғим даврида 40—50 кг (айримларидан 85 кг гача) сут соғиб олинади (ёғлилик даражаси 17 — 19%). Буғу терисидан сифатли чарм (замша, хром) тайёрланади, иссиқ кийимлар, палаткалар тикилади. Шимол буғулари Чекка Шимолнинг асосий транспорт воситаси, улардан миниш, юк ташиш ва б. мақсадларида ҳам фойдаланилади. Асосан Россия, Финляндия, Швеция, Норвегия, АҚШ (Аляска), Канаданинг тундра ва ўрмон (тундра) зоналарида тарқалган. Жаҳонда 5 млн. бошдан ортиқ шимол буғулари боқилади. Уларнинг ярмидан кўпроғи Россия ҳиссасига тўғри келади. Пант Б. Россиянинг Олтой, Красноярск, Приморье ўлкалари, Қозоғистонда ривожланган бўлиб, ҳайвонлар махсус фермалар (Б. хўжаликлари)да боқилади. Шунингдек, Хитой, Корея, Монголияда ҳам пант Буғучилик бор.