БУҒУСИМОНЛАР

БУҒУСИМОНЛАР (Cervidae) жуфт туёқли сут эмизувчилар оиласи. Думи калта, боши узунчоқ, оёқлари ингичка, қомати келишган. Юқори жағида курак тишлари йўқ. Озиқ тишлари ясси, думи остида катта оқ холи — «дарча»си бор. Ёш Б. кўпинча олачипор бўлади. Сув Б. идан ташқари, деярли ҳамма Буғусимонларнинг шохи бор, лекин айрим турларининг фақат эркагида шох бўлади. Шимол буғусининг эркаги ҳам, урғочиси ҳам шохли. Б. Европа, Осиё, Америка ва Шим. Африкада тарқалган. Тоғ ва текисликлардаги ўрмон, тўқай, ўрмондашт ва тундрада яшайди. Турли ўтлар, буталар, ҳар хил ўсимликлар билан озиқпанади. Буғусимонлар 1,5 ёшда вояга етади. Кузда ёки ёз охирида жуфтлашади. Бу вақтда эркаклари бўкириб юради. Урғочиси баҳорда ёки ёз бошида 1—2 та, сув Буғусимонлари 4 та ва ундан ҳам кўпроқ туғади. Баҳор ва кузда, баъзи турлари фақат баҳорда туллайди. Буғусимонларнинг 48 тури бўлиб, улар мунтжаклар (Сщvulinae), сув Буғусимонлари (Hydropotinae), асл Буғусимонлар (Cervinae) ва Америка Буғусимонлари (Neocervinae) 4 кенжа оилага бўлинади. Мунтжаклар кенжа оиласига мансуб Буғусимонларнинг бўйи 60 см ча, шохи калта. Эркагининг устки жағида ханжардек узун қозиқ тишлари бор. Бу кенжа оила 2 уруғ: мунтжаклар ва тожли буғулардан иборат. Мунтжаклар уруғининг вакили — Ҳиндистон мунтжаги (Muntiacus muntjar). Сув Буғусимонлари кенжа оиласининг фақат 1 тури бўлиб, Хитойда учрайди. Даре сохдлларидаги қамишзорларда 2—3 тадан бўлиб юради. Бўйи паст (0,5 м ча), шохи йўқ. Эркагининг устки жағидаги узун қозиқ тишлари ташқарига чиқиб туради. Асл Буғусимонлар кенжа оиласи буйи 0,6—2,2 м келадиган, анча йирик ҳайвонлардир. Устки жағларидаги қозиқ тишлари кичкина ёки бутунлай бўлмайди. Бу кенжа оила елик, лось ва ҳ. к. дан иборат уруғларга бўлинади. Ўзбекистонда асл Буғусимонларнинг бир тури — хонгул яшайди. Америка Буғусимонлари кенжа оиласи бўйи 0,3—1,3 м келадиган майда ва ўрта бўйли буғулардан иборат. Бошқа Буғусимонлар дан’бош склетидаги баъзи суякларининг тузилиши билан фарқ қилади. Бу кенжа оила мазамалар, пуду, пампас ва шимол буғулари уруғларига бўлинади. Буғусимонлар кўплаб овланади. Гўшти ва терисидан фойдаланилади. Асл буғунинг пант деб аталадиган ёш шохларидан дори тайёрланади. Шимол буғуси хонакилаштирилган бўлиб, хўжалик учун катта аҳамияти бор. Каборгиларнинг бир тури (Moschus moschiferus) тарқалган. Буғусимонларнинг 11 тури 20 кенжа тури Халқаро Қизил китобга киритилган.