БУҒДОЙДОШЛАР (ғалладошлар) (Роасеае ёки Gramineae) — бир уруғ паллали ўсимликлар оиласи. Бир йиллик, икки йиллик ёки кўп йиллик ўт, баъзан бута ёки дарахтлардан ташкил топган. Пояси цилиндрсимон тик ёки ёнбошлаб кўтарилиб ўсади, бўғимларга бўлинган, ичи ғовак, шунинг учун у похол ёки сомон деб ҳам аталади. Бўйи 1 см дан бир нечта ўн м гача; баъзиларининг пояси ёғочланиб баланд бўлиб ўсади (мас, бамбукнинг бўйи 40 м, диаметри 30 см гача). Барглари оддий, ипсимон, қалами, бандсиз, навбатлашиб жойлашган, қинли. Поянинг бир қисми шу барг қини ичида жойлашади. Гуллари икки жинсли, баъзан бир жинсли, майда, кўримсиз, оддий тўпгулларга (бошоқчаларга) йиғилган; булар эса мураккаб тўпгуллар, шингил, рўвак ва б. ҳосил қилади. Бошоқчалари битта ёки бир нечта, баъзан кўп гулли. Меваси дон, баъзан данаксимон, ёнғоқсимон ёки резавор. Уруғининг кўп қисми крахмалли эндоспермдан иборат. Буғдойдошларнинг кўпчилиги узун илдиз пояли ва попук илдизли. Буғдойдошларнинг 600 туркуми, 10000 тури маълум. Ўзбекистонда 91 туркуми (270 тури) усади. Купинча Буғдойдошлар учта кенжа оилачага булинади. Буғдойдошлар ер шарининг ҳамма қисмида кенг тарқалган, кўпчилик турлари тропик мамлакатларда учрайди. Буғдойдошлар қалин ўтзорлар, пичанзорлар, ўтлоқлар, саванна, прерий ва б. ҳосил қилади. Буғдойдошларга муҳим маданий дон ўсимликларидан — буғдой, шоли, макка, сули, арпа, жавдар, тариқ, оқ жўхори ва б. (қ. Донли экинлар) ҳамда шакарқамиш киради, шунинг учун ҳам кишилар ҳаётида уларнинг аҳамияти катта. Ёввойи ҳолда ўсувчи — оқсўхта, райграс, буғдойиқ ва б. кўпчилик турлари қ. х. ҳайвонлари учун емхашак (қ. Емхашак экинлари) ҳисобланади.
Буғдойдошларнинг баъзи турларидан техник ўсимлик сифатида фойдаланиб, улардан крахмал, спирт, қоғоз, хушбўй ва ейиладиган мой олинади ва қурилиш материаллари, арқон, чутка ва б. тайёрлащда фойдаланилади. Кўпчилик турлари доривор, баъзилари манзарали. Кучма қумларни мустаҳкамлаш учун экиладиган турлари ҳам бор. Баъзилари бегона ўт.
Ўктам Пратов.