БУҒДОЙИҚ ДУРАГАЙЛАРИ

БУҒДОЙИҚ ДУРАГАЙЛАРИ — буғдойни буғдойиқ билан дурагайлашдан ҳосил бўлган буғдойнинг янги турлари, формалари ва навлари. Биринчи марта акад. Н. В. Цицин томонидан 20-а. нинг 30—50-й. ларида юмшоқ буғдойни буғдойиқ билан дурагайлаб, сўнгра дурагайлараро чатиштириш ва танлаш йўли билан буғдойнинг кўп йиллик буғдой (Т. a. ssp. perenne) ва бир йиллик дон — емхашак буғдойи (Т. a. ssp. submittans) кенжатурлари бўлган янги тури (Triticum agropyrotriticum) яратилди. 70-й. ларда кўп йиллик буғдойнинг калта пояли (ётиб қолмайди), экилганидан кейин 2 ва 3йили ҳам 70 ва 50% гача ўсимликлари ўсиб ҳосил берадиган, совуққа ва касалликларга чидамли, ҳосилдор навлари (М706, М63, М78) яратилди. Бир йиллик дон — емхашак буғдойи дони ўрибйиғиб олинганидан кейин яна ўсиб, янги поялар чикаради, 1 га майдондан 15—17 ц дон, қўшимча 200 ц кўк масса (ёки уч ўримда қўшимча 400—450 ц кўк масса) ҳосил беради. Буғдойиқ дурагайлари навлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.