БУШУЕВ ҚОРАМОЛ ЗОТИ

БУШУЕВ ҚОРАМОЛ ЗОТИ — сути учун боқиладиган зот. Ўзбекистоннинг Мирзачўл (Сирдарё вилояти) зонасида етиштирилган серсут ва сермаҳсул қорамол. Бу зотни яратишни М. М. Бушуев жайдари (зебусимон) сигирларни голланд зотининг буқаси б-н, сўнгра уни швиц зоти билан мураккаб чатиштириш орқали бошлаб берган (1903—18). Бушуев қорамол зоти молларининг туси оқ, қулоқ ва тумшуқ атрофи қора ёки қизил, сигирларининг вазни 320—432 кг, буқалариники 700—750 кг, яғринидан ўлчанганда бал. 114—122 см, тана уз. 139—159 см, поча айланаси 15—17 см, 300 кунлик соғим даврида 2400 — 2600 кг, айримлари 3000 кг гача сут беради. Сутёғлилиги 3,9—4,1%. 1948 — 67 й. ларда Ўзбекистон чорвачилик и. т. ин-тида зотни такомиллаштириш ишлари давом эттирилди. 1967 й. да Мирзачўл зонаси учун р-нлаштирилган зот сифатида тасдиқланган. Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари хўжаликларида кўп боқилади.