БУХОРОДАГИ ВАКОЛАТХОНАЛАР — Бухоро амирлигида рус ҳукумати ва сармоядорлари манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилган муассасалар. Россия 1866—68 й. лардаги босқинчилик урушлари натижасида амирликнинг талай ерларини босиб олди. 1868 ва 1873 й. лардаги шартномалар натижасида амирлик Россияга қарам мамлакатга айлантирилди. БухороРоссия сиёсий, иқтисодий муносабатлари жонланиб кетганлиги, бу муносабатларда Россия манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида оқ подшо Александр III нинг 1885 й. 12 нояб. даги фармони билан 1886 й. 1 янв. дан бошлаб Бухорода «Россия императорлигининг сиёсий агентлиги» — ваколатхонаси таъсис этилди. 1903 й. 6 майда подшо Николай II ваколатхона ҳуқуқларини кенгайтирди. Мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишга хизмат қилган бу муассасага барча сиёсийиқтисодий, ҳарбий масалалар юзасидан амир ҳукумати б-н муносабатда бўлиш, амир ва унинг вазирлари устидан назорат ўрнатиш, Зарафшон дарёсининг сув тақсимоти б-н шуғулланиш, БухороАфғонистон чегараларини кузатиб туриш, Бухородаги рус қароргоҳларида газеталар ва театр пьесалари устидан назорат ўрнатиш ҳуқуқлари берилди. Сиёсий агент чор Россиясининг расмий доимий вакили бўлиб, Петербург ва Тошкентнинг Бухоро ҳукумати билан қиладиган ҳамма алоқалари шу агент орқали ўтар эди. Сиёсий агент, шунингдек Бухоро амирлигини ўзининг ички бозорига айлантиришга интилган рус сармоядорлари манфаатларини кўзлаб божхона тизими, саноат, т. й., почтателеграф ишларини тўла ўз назоратига олди. 20-а. бошларига келиб амирлик ҳудудида пахта, қоракўл тери сотиладиган бозорлар жойини белгилаш каби амирликнинг мутлақо ички иши ҳисобланган масалаларга ҳам аралаша бошлади. 1917 й. Россиядаги Фев. инқилобидан сўнг агентлик номи ўзгартирилиб — Россия ваколатхонасига айлантирилди. Рус қароргоҳларида шўро ҳокимияти ўрнатилгач, Туркистон ўлкаси ХКС нинг Бухоро ишлари бўйича Коллегияси таъсис этилди (1917 й. дек.). Туркистон АССР ташкил топгач (1918 й. 30 апр.), Туркистон ўлкасининг Бухоро ишлари бўйича комиссари тайинланди. 1920 й. Бухоро хонлиги тугатилгач, БХСР ҳукумати қошида РСФСР ҳукуматининг мухтор вакилига айлантирилди. Салкам 40 й. давомида турли шакл ва номларда фаолият кўрсатган бу муассаса фақат мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишга хизмат қилди.
Ад.: Тухтаметов Т. Г., Русскобухарские отношения в конце 19 — начале 20 вв., Т., 1966; Истоки дружбы, Душанбе, 1987; Гафуров А., Из истории основания и развития города Кагана и его роли в русскобухарских отношениях, Бухара, 1989