БУХОРОДА 1917 ЙИЛ АПРЕЛЬ НАМОЙИШИ — амир Олимхонниж ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги фармони (манифеста) эълон қилинган куннинг эртасига — 8 апр. да уюштирилган тадбир. Ёш бухороликлар, аҳолининг кўпчилик қисми мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказишни талаб қилган. Россиядаги муваққат ҳукумат, унинг Бухородаги вакили (резиденти) ҳам Россиядаги 1917 й. Фев. ревясидан кейин Бухорода ислоҳотлар ўтказиш фурсати етганини тушунган эдилар. Амирнинг юқори мансабдорлари, ислом дини руҳонийларининг мутаассиб қисми ислоҳотга қарши эди. Амир манифестининг эълон қилиниши демократик ҳамда консерватив кайфиятдаги намойишчиларнинг кўчага чиқишига сабаб бўлди. Демократик доиралар амир манифести мамлакатда тинч йўл билан ижобий ўзгаришларни амалга ошириш учун дастлабки қадам, деб карадилар. Шукрона намойиши ўтказишга қарор қилинди. «Яшасин ислоҳот!», «Яшасин амир!» — деган ялов (шиор) лар кўтарилди. Бир неча юз киши шаҳар маркази — пассаждан Гавкушон ва Хиёбон орқали Регистонга юриш бошлашди. Намойишчилар бошида Ф. Хўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Отахўжаев, Мирбобо, Юсуфзода ва б. фаоллар бордилар. Бир неча жойда қисқа митинглар бўлди, намойишчиларга янгиянги гуруҳ одамлар келиб қўшилди. Намойишчиларда кўтаринки кайфият мавжуд эди. Шу куни консерваторлар ва мутаассиб гуруҳлар Регистонда тўпланиб ислоҳотга, янгиликларга қарши жангарилик ва муросасизлик кайфиятларини кўрсатдилар. Баъзи амалдорларга нисбатан, ислоҳот тарафдорларига қарата душманона дағдағалар, ҳайқириқлар қилинди. Уларнинг жазаваси соат сайин кучайиб борди. Бундай мураккаб вазиятда икки лагернинг тўқнашуви нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Демократик намойишчилар бошлиқдари Регистонга бориш ниятидан қайтдилар, намойишчиларни тарқалиб кетишга даъват қилдилар. Тадбир охиригача етказилмаган бўлсада, у Бухоро амирлиги демократик ўзгаришлар, ислоҳотлар учун етилганлигини яққол кўрсатди. 8 апр. воқеаларининг якуни шу бўлдики, ҳукуматда консерватив кучлар яна устунликка эришдилар. Довдираб калган амир қозикалон Шарифжон Маҳдумни лавозимидан бўшатди, ғазабланган мутаассиблар раис Абдусамадхўжани оломон қилиб ўлдирдилар, қушбеги Насруллобек буйруғи билан шоир С. Айний, ёш бухороликлар Мирбобо, Мирзо Назрулло 75—150 калтак уриб жазоландилар. Ислоҳотчилик ҳаракатининг бу босқичи шундай нохуш якунланди.
Ад.: Файзулла Хўжаев, Танланган асарлар, 1ж., Т., 1976. ; Ишанов А. И., Бухарская Народная Советская Республика, Т., 1969.
Раҳмон Каримов.