БУХОРО ҚАЛЪАСИ — шаҳарни ташқи ҳужумлардан сақлаш мақсадида қурилган мудофаа деворлари (мил. 6-а. нинг 2-ярми — 16-а.). Бухоронинг илк қалъа девори 6-а. 2-ярмида Шери Кишвар томонидан бунёд этилган Арк девори бўлган. Кейинчалик, 8—13-а. бошларида шаҳар кенгайиши натижасида қалъа деворлари бир неча бор қайта қурилган. 1220 й. Чингизхон Бухорони забт этган пайтида унинг мудофаа деворларини бузиб ташлаган. Абдуллахон Ядаврига келиб шаҳар деворларининг ҳоз. шакли пайдо бўлган.
19-а. да шаҳар қалъаси деворининг умумий уз. 12 км, бал. 10 м, асосининг қалинлиги 5 м ни ташкил этган. Деворнинг юқори қисмида кенглиги 2 м га тенг ўтиш жойлари бўлиб, улардан девор орқали мудофаа қуроллари олиб ўтиш учун фойдаланганлар. 116 та кичик минорачалар ва 11 та 2 минорали дарвозадан иборат қалъа деворининг айрим ерларида ўқ отиш учун мўлжалланган жойлар мавжуд бўлиб, деворнинг юқори қисми ўткир учлар (дандона) дан иборат қилиб ясалган. 1920 й. сент. да қизил қўшинларнинг Бухорога босқини (қ. Бухоро босқини) оқибатида қалъа деворларига зарар етказилган. Кейинги даврда шаҳарнинг кенгайиши натижасида қалъа деворлари шаҳарнинг бир қисмида сақланиб қолган. Эски қалъа деворлари бузилиб, унинг ўрнига янги иншоотлар барпо этилган. Ҳоз. кунда қалъа деворининг сақланиб қолган қисми шаҳарнинг қад. тарихидан далолат бериб туради.
Ад.: История Бухары, Т., 1976; Ремпель Л. И., Далекое и близкое, Т., 1982; Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966.