БУХОРО РАҚСИ — ўзбек халқ рақс услуби. Бухоро музофотида шаклланган ва ривожланиб келган. Ҳаракатларининг мардонавор ва шиддатлилиги, қайрилиш, ярим қайрилиш, шох ва чархларга бойлиги билан ажралиб туради. Тиззалар сал букилиб, қомат ғоз тутилган, кифтлар орқага ташланиб бош кўтарилган ҳолатда ижро этилади. Қўл баъзан тез, баъзан майин, эгилувчан ҳаракатланади. Рақс тури ва ўйин жойига қараб ҳаракатлар силсиласи ўзгаради. Ижрочининг либоси рақс образларига аниклик беради. Бухоро раққосалари, одатда, ёқа, енг, этаклари зеҳига кашта (баъзан зардан) тикилган кенг кўйлак, оёқларига пошнаси баланд гулдор этик кийиб, бошларига пешонабанд ёки тилла қасава боғлаб, билакларига зангила, кўкракларига зебигардон ва б. зебизийнат тақишган. Раққослар кундал, адрас, кимхоб каби матолардан кенг қилиб тикилган камзул ёки зардўзи яктак, якранг шойидан салла ўраб, оёқларига пошнали бахмал этик кийиб чиққанлар. Раққосалар, асосан, ўрдаларда, ичкарида, хуфиёна базмларда хизмат қилишган; карвонсарой, сайилгоҳ, тўй каби эркаклар йиғиладиган жойларда рақсга тушиш такикланган. Шу сабабли хотинқизлар рақсини ҳам эркаклар (ясама соч тақиб, аёллар либосида) ижро этишган. 20-а. бошида Ражаб Али, Жўрахон, Эргашча, Нурилло, Исом Шоди, Ҳамдамхоа, Мирзахон, Абдураҳим, Искандар, Мастон каби моҳир раққослар фаолият кУрсатган. Бухороча услубда яратилган рақслардан «Бухоро ларзони», «Бухоро буйбўйи», «Талқин», «Уфари бает», «Соқийномаи бает», «Гулузорим баёти», «Савти сарвиноз» ва б. машҳур. Бухоро рақсини ривожлантиришда машҳур рақс усталаридан Киркиги (М. Хаимова), Червонхоним, И. Оқиловларнинг хизматлари катта.
Ад.: Каримова Р. 3., Бухарский танец, Т., 1977.
Муҳсин Қодиров.