БУХОРО МУДОФААСИ

БУХОРО МУДОФААСИ (1220 й. фев.) — шаҳар аҳолисининг мўғул босқинчиларига қарши қаҳрамонона кураши. Хоразмшоҳ Муҳаммад Мовароуннаҳрга Чингизхон бошчилигидаги мўғул истилочилари босиб келаётганидан хабар топгач, мамлакат мудофааси учун нотўғри стратегик усулни қўллаган. У ўз қўшинини Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарларига тақсимлаб, ҳар бир шаҳар мудофаасини ўз ҳолига ташлаб кўйган. Хусусан, Бухоро мудофааси учун амирохур Ихтиёриддин Кушлу ва Инончхон (Ўғул Ҳожиб) раҳбарлиги остида 30 минг кишилик қўшин ажратилган. Бухорода булардан ташқари амирлардан Хам ид Пур, Севинчхон ва Кўкхонлар бор эди. Чингизхон ва унинг кичик ўғли Тулихон мўғулларнинг асосий кучлари б-н Бухорони 1220 й. фев. да қамал қилишган. Бухоро амирлари уч минг киши билан тунда шаҳар қалъасидан чиқиб мўғуллар қароргоҳига шабихун (тунги ҳужум) уюштирдилар, бироқ енгилиб, кўп талафот кўриб яна шаҳарга қайтишга мажбур бўлганлар. Бухоро амирлари уч кунлик қамалдан сўнг мўгуллар ҳалқасини ёриб ўтиб, Хуросонга кетишга қарор қилишган. Бироқ мўгуллар бухоро қўшинини пистирмага тушириб, тормор келтирдилар, фақат Инончхон озгина қўшин билан қамални ёриб ўтишга муваффақ бўлган. Ҳимоячиларсиз қолгач, шаҳар аҳолисининг бир қисми таслим бўлишга қарор қилиб Чингизхон ҳузурига қози Бадриддин Қозихон бошчилигидаги вакилларини жўнатган. Бироқ шаҳарликларнинг ва қўшиннинг бир қисми (400 жангчи) яна 12 кун давомида аркка яшириниб босқинчиларга қарши қаҳрамонона курашни давом эттирди. Шаҳар буткул вайрон қилиниб, ёндириб юборилгач, аҳолининг бир қисми қириб ташланган, қолганини бошқа шаҳарларни олишда қамал ишларида фойдаланиш учун ҳайдаб кетишган. Чингизхон Товуш босқоқни Бухоро ҳокими этиб тайинлаган.

Лд..Рашид аддин, Сборник летописей, т. 1, кн. 2, М. Л., 1952; Шихаб аддин Мухаммад анНасави, Жизнеописание султана Джалал аддина Манкбурны, Баку, 1973; Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994.