БУХОРО МИНИАТЮРА МАКТАБИ — Ўзбекистон миниатюра санъатидаги ўзига хос йўналиш. Ўрта асрлар (16 — 17-а. лар)да Бухорода шаклланган. Бухоро миниатюра мактабининг ривожланиш даври Бухорода Шайбонийхонлар (16-а.), Аштархонийлар (17-а.) ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Ҳирот миниатюра мактаби таъсирида ривожланган Бухоро миниатюра мактаби дастлаб Бухорога келган Ҳирот миниатюра мактаби вакилларининг ижоди билан боғлиқ бўлган ва маҳаллий бадиий анъаналар таъсирида шаклланаётган мустақил услубни акс эттирган оқимлар кўринишида бўлиб, 1550-й. лар ўрталаридан мустақил ривожланган. Умумлаштириш, шаклнинг ихчамлиги, кийим ва безакларнинг аниқ ҳамда йирик ишланиши, бўшлиқнинг бир текис тузилиши, меъморий тасвир ва заминнинг соддалаштирилиши каби хусусиятларга эга бўлган. Умумий ранглар ёрқин, тиниқ (тўқ сариқ ва қора ранглар устунлиги сезилади), расмлар учун яратувчанлик, тантанаворлик руҳи хос бўлган. Расмларда қабул саҳналари, табиат оғушидаги учрашувлар, маиший манзаралар, сарой ҳаётидан олинган ахлоқий лавҳалар ва б. мавзулар кенг ўрин олган; кўчманчи ҳаёт кўринишлари, маҳаллий этник турлар ҳам учрайди. 16а. охиридан тасвирий санъатда мавжуд анъанавий, расмий дабдабали йўналиш б-н бир қаторда демократик мавзулар шаклланди ва мустаҳкамланди, шаҳар ҳаётидан олинган жанрли лавҳалар, ҳунармандлик мавзуларининг сони кўпайди. Бухоро миниатюра мактабининг йирик вакиллари: Маҳмуд Музаҳҳиб, Шайхзода, Абдулла Мусаввир (16-а.); Муҳаммад Шариф, Муҳаммад Муқим, Аваз Муҳаммад, Муҳаммадамин, Фарҳод, Мулла Беҳзод, Хўжа Гадой (17-а.) ва б. 16-а. охири ва 17-а. бошларида Мовароуннаҳрнинг қўшни мамлакатлар билан алоқаларининг кучайиши туфайли Бухоро миниатюра мактаби вакиллари асарларида Ҳиндистон ва Эрон тасвирий санъатининг таъсири ўз ифодасини топган. Бу мактаб вакиллари томонидзн Саъдийнинг Б«ўстон» (157576), Жомийянинг Т«уҳфат улаҳрор» (16-а. нинг 70-й. лари), Деҳлавийнинт «Тарихи Хизрхон» (1579), Низомийнинг «Хамса» (1648, ҳаммаси СанктПетербургдаги СалтиковШчедрин номидаги кутубхонада), Фирдавсийнинг «Шоҳнома» (1664, ЎзР ФА Шарқшунослик ин-тида) асарлари, шунингдек тарихий, диний асарлар бадиий безатилган. Китобларни бу тарзда безаш кейинги даврларда ҳам давом этди, мас, Аҳмад Дониш, Абдулхолиқ Махдум ва б. 20-а. 20-й. ларида Бухоро миниатюра мактаби анъаналари уста Наби Ҳафизов (плакатлар ишлаган), С. Почаев ижодида давом эттирилди.
Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Выдающиеся памятники изобразительного искусства Узбекистана, Т., 1960; Среднеазиатские миниатюры 16—18 вв., М., 1964; Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982.
Элъмира Исмоилова.