БУХОРО МЕҲМОНХОНАСИ

«БУХОРО» МЕҲМОНХОНАСИ — Бухоро ш. даги 4 юлдузли меҳмонхона. 1987—96 й. лар «Ларсен энд тумбо лимитед» ҳинд компанияси (М. X. Воҳидов лойиҳаси асосида) томонидан қурилган. «Ўзбектуризм» миллий компаниясига қарашли. Меҳмонхона 12 қаватли бўлиб, 223 хонаси (жами 440 ўринли) бор, шундан 2 ўринли хона 204 та, 2 хоналик люкс хоналар 13 та ва 1 ўринли хона 6 та. Бош вестибюли ва қаватларида дам оладиган жой (холл), 2 та банкет зали, 300 ўринли мажлислар зали, олий тоифали ресторан, европа таомлари тайёрланадиган 370 ўринли, миллий таомлар тайёрланадиган 380 ўринли заллари, бар (кундузги ва тунги), буфет, чойхона, теннис корти, фаввора, магазин, 2 сауна, киноконцерт зали (300 ўринли), бассейн (майд. 252 м2) мавжуд. Бинони қуришда замонавий меъморий элементлардан фойдаланилган. Безакларида мармар, гранит, шиша, алюминий, металл ва б. қўлланилган.

Бухоро ш. да «Бухоро меҳмонхонаси» номли 3 юлдузли меҳмонхона ҳам бор (1974 й. ишга туширилган).

Камол Махмудов.