БУЛДУРУҚЛАР

БУЛДУРУҚЛАР (Bteroclitidae) каптарсимонлар туркуми оиласи. Булдуруқлар асл Булдуруқлар ва сув булдуруқлари уруғларига бўлинади. Асл Булдуруқларнинг 14 тури, сув булдуруқларининг эса оқ бовур (Pteroles alchatu) вақора бовур (Р. orientalis) деган 2 тури бор.

Б. Африканинг шим. қисмида, Испания ва Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда дашт ва чўллардаги сувга яқин ерларда яшайди. Қишлаш учун сент. ва окт. да Покистон, Эрон, Афгонистон ҳамда Жан. Туркманистонга учиб кетиб, эрта баҳор (март)да яна учиб келади. Оқ бовур танасининг уз. 35—37 см, қора бовурники 33—35 см. Иккала турнинг ҳаёт кечириш тарзи ўхшайди. Булдуруқлар урчиш даврида (март) жуфт ҳосил қилади. Кўпинча 3 та, баъзан 2 та тухум қўяди. Уяси шувоқ каби ўсимликлар остида соя жойларда ясалган кичикроқ чуқурчадан иборат. Тухумини бир ойча босади. Тухум босиш ва жўжа боқишда нари ҳам қатнашади. Олабула пати жужаларининг душманлардан сақланишига ёрдам беради. Жўжалари июнда учирма бўлади. Авг. охирларида Булдуруқларнинг учиб кетаётган галаларини учратиш мумкин.

Булдуруқлар ўсимликларнинг донлари, баҳорда эса куртак ва ёш новдалари билан озиқланади. Кунига икки маҳал (чошгоҳ ва пешинда) гала бўлиб, сув ичишга боради. Жиғилдонида сув олиб келиб жўжаларига ичиради.

Булдуруқлар азалдан овланади. Гўшти мазали. Кўплаб овланиши натижасида жуда камайиб кетган. Оқ бовур Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.