БОМБАРДИМОНЧИ АВИАЦИЯ — ҳарбийҳаво кучларининг асосий зарбдор кучи. Бомбардимончи авиациянинг асосий вазифаси: ялпи, кенг кўламдаги ҳужумдан ёки жангдан олдин душман аэродоромларига, денгиздаги ҳарбий кемаларга, мустаҳкамланган мудофаа истеҳкомларига, қўшин ва жанговар техника тўпланган жойларга, шаҳар ва аҳоли пунктларига, т. й. узелларига, саноат марказларига бомба ва ракета ташлаб вайрон қилиш ва қириш, душман қўшинларининг жанговарлик ҳолатини сусайтириш ҳамда ҳарбийруҳий жиҳатдан таъсир этиш. Самолётларнинг учувтактик имкониятига ва жанговар вазифаларининг характерига кўра Б. а. иккига — фронт Б. а. сига ва узоқдаги объектларни бомбардимон қилувчи Бомбардимончи авиацияга бўлинади (АҚШ ва Англияда тактик ва стратегик Бомбардимончи авиация дейилади). Узоқдаги объектларни бомбардимон қилувчи Бомбардимончи авиациядан душманнинг узоқ орқа томонидаги стратегик объектларга ёпирилиб ҳужум қилишда фойдаланилади. Зарур бўлганда Бомбардимончи авиация жангларда қуруқликдаги қўшинлар ёки ҳарбийденгиз флота кучлари билан бирга ўзаро ҳамкорликда иштирок қилиши ҳам мумкин. Бомбардимончи авиация lжаҳон уруши (1914—1918)да жанговар авиация бўлиб шаклланди. Урушда қатнашган деярли барча давлатларда авиация қисмлари, қўшилмалари ташкил этилди. Ҳозир Бомбардимончи авиация мураккаб қурол ва ускуналар билан жиҳозланган. Уларда радио алоқалари, радиолокация ва аэронавигация асбоблари такомиллаштирилган (яна қ. Авиация).