БОМБАКСДОШЛАР

БОМБАКСДОШЛАР, баобабдошлар (Bombacaceae) — икки паллалилар синфига мансуб ўсимликлар оиласи. Деярли ҳамма турлари тропик минтақада ўсади, танаси йўғон, баъзан танасининг ўрта қисми бочкасимон бўртиб чиққан. Гуллари йирик, тўғри, қисман нотўғри, икки жинсли, кўпинча якка. Косабарг ва тожбарглари 5 тадан, баъзан тожбарглари бўлмайди. Чангчилари 5 та ёки кўп, у мумий найчага ёпишган, баъзан алоҳида. 28 туркуми ва 190 га яқин тури маълум. Бомбаксдошлардан баобаб, дуриан, пахта дарахти ва б. фойдали дарахтлар ҳисобланади.