БОМАРШЕ (Beaumarchais) Пьер Огюстен Карон де (1732.24. 1 — Париж — 1799. 18. 5) — француз драматурги. Дастлабки пьесалари «Евгения» (1767), «Икки дуст» (1770) да ижтимоий тенгсизлик қораланади. «Хотиралар» памфлети (1773—74) да Бомаршенинг демократик қарашлари ўз аксини топган. «Севилия сартароши» (1775), «Фигаронинг уйланиши» (1784) Бомаршега жаҳоншумул шуҳрат келтирди. «Фигаронинг уйланиши» да ёзувчи оддий халқ вакили — Фигаронинг ақлзаковатини улуғлаб, аслзода Альмавивнинг жоҳил ва нодонлигидан кулади. Бомарше комедиялари жаҳон театр саҳналаридан муносиб ўрин эгаллаган. Улар асосида яратилган «Севилия сартароши», «Фигаронинг уйланиши» опералари Навоий номидаги театрда саҳналаштирилган.