БОЛТАТУМШУҚ (Coccothrauster coccothrauster) — чумчуқсимонлар туркумининг тарғилбошлилар оиласига мансуб сайроқи қуш. Европа ва Осиёнинг ўрта минтақаларида тарқалган. Қишлаш учун жан. га — Қора денгиз атрофи ва Шарқий Хитойга учиб кетади. Афғонистон, Покистон ва Шим. Ғарбий Ҳиндистонда ўтроқ яшайди. Ўзбекистонда ҲисорОлай тоғларида учрайди. Ўрмон ва боғларда яшайди. Тумшуғи катта ва бақувват, мева данакларини чақишга яхши мослашган. Уясини дарахтга қуради. 4—5 та тухум қўяди. Тухумини урғочиси босади. Эркаги унга озиқ ташийди. Боласи 14 кунда тухумдан чиқади, яна 11—14 кундан сўнг учирма бўлади. Ўзбекистон тоғларидаги арчазорларда арча болтатумшуғи (Mycerobas carpiers) учрайди. Ҳар хил мевалар, ўсимликлар уруғи ва дон билан озиқланади.