БОЛТА — ёғочни чопиш, кесиш, йўниш, ёриш, дарахт ағдариш учун ишлатиладиган дастаки қурол. Металл каллак ва ёғоч дастадан иборат. Тиғи дастасига параллел бўлади. Болта каллаги углеродли пўлатдан тайёрланиб, тиғига асбобсозлик пўлати пайвандланади ва тобланади, дастаси қаттиқ ёғочдан 40—50 см узунликда ясалади. Болтанинг катта болта (оғирлиги 3 кг гача), ўрта болта (2,5 кг гача), болтача (1 кг гача) ва ойболта каби хиллари бор. Неолит ва жез асрларида йўниб тайёрланган тош Б. лар ишлатилган. Жез даврида зўғотали (даста учун тешикли) мис ва жез Болта пайдо бўлган; темир асрида зўғотали темир Болта тарқалган. 19. а. охирларигача Болта ясаш темирчиликнлнг алоҳида тармоғи бўлиб, Болта устаси болтачитемирчи деб юритилган. Осиёда жанговар болта — ойболта айниқса кўпайган. Болтани Бухоро ва Самарқандда «товар» (форс. тож. — табар) деб аташган. Болта «Девону луғотит турк» (11 а.) да балду, «Тафсир» (12-а.) да болта, «Муқаддимат уладаб», «Қисас уланбиё» (13 — 14-а. лар), «Бобурнома» (15—16-а. лар) да болту тарзида учрайди.