БОЛОТНИКОВ ҚЎЗҒОЛОНИ (1606—07) — крепостнойликка қарши холоплар, деҳқонлар, шаҳарликлар, стрелецлар, казакларнинг Иван Болотников етакчилигидаги қўзғолони. 1606 й. нинг июлида Жан. Ғарбий Россияда бошланган. Қўзғолончилар 1606 й. авг. —сент. да Кроми ва Калуга яқинида подшо қўшинларига зарба беришган. Подшо Василий IV Шуйский сиёсатидан норози бўлган дворянлар унга қарши қўзғалиб, ўз отрядлари билан Болотников қўзғолонига келиб қўшилганлар. Кўзғолончиларнинг Кроми ва Елец атрофида ҳамда Угра, Лопасня дарёлари бўйида подшо аскарлари устидан қилган ғалабаларидан сўнг қўзғолон жуда кенг ҳудуд (Россиянинг жан. ғарби, жан. даги 70 га яқин шаҳарлар, шунингдек қуйи ва ўрта Волга бўйи) га ёйилган. Қўзғолончилар Москвани 2 ой давомида (1606 й. 7 окт. дан 2 дек. гача) қамал қилиб турганлар. Подшо ҳукуматининг қўзғолончилар орасида ихтилоф чиқариб, дворян отрядларини деҳқонлардан ажратиш мақсадидаги турли найранглари натижасида Москва ёнидаги жангда (1606 й. нинг нояб.) дворян отрядлари деҳқонларга хиёнат килиб, подшо томонига ўтиб кетган. Қўзғолончилар шу туфайли Котла дарёси бўйида мағлубиятга учраб (1606 й. 2 дек.) Калугага чекинганлар. 1607 й. ёзкуз фаслларида қўзғолончилар Илейка Муромец отрядлари билан Тула остоналарида подшо қўшини билан курашганлар. 4 ойлик қамалдан сўнг Тула таслим бўлгач (1607 й. 10 окт.), Б. Қ бостирилган.