БОЛДИРПАНЖА БЎҒИМИ

БОЛДИРПАНЖА БЎҒИМИ — катта ва кичик болдир суякларининг пастки бўғим юзаси, ўнг ва чап тўпиқларнинг бўғим юзаси билан оёқ панжасининг ошиқ суяги устки бўғим юзаларининг ўзаро қўшилишидан вужудга келган бўғим. Болдирпанжа бўғими ғалтаксимон бўғим бўлиб, унда фақат букилиш ва ёзилиш ҳаракати рўй беради. Тўпиклар бўғимни ён томонга букилишдан сақлайди, натижада юриш осон бўлади. Болдирпанжа бўғимини бирлаштириб турувчи бойламлар ҳам асосан икки ён томонда жойлашиб, бўғим ҳосил қилувчи суякларни ўзаро бирлаштириб туради.