БОЛГАР ҚАЛАМПИРИ (Capsicum annuum L) , чучук гармдори — томатдошларга мансуб бир йиллик сабзавот экини. Ватани — Америка. Барча мамлакатларда етиштирилади. Марказий Осиёда, айниқса Ўзбекистонда кўп экилади. Тупи ўртача, тик, кам барг, яшил. Кўкариб чиққандан кейин меваси 130— 138 кунда етилади. Барги йирик (бўйи 10—11 см, эни 5—6 см), тухумсимон, яшил. Гултож барглари оқ, гулкосаси ялпоқ. Меваси ўртача, бўйи 8—8,5 см, эни 4,5—5 см, оғирлиги 60—115 г, яшил, айрим навлари пишганда кизил рангга киради. Пусти дағалроқ, эти 2—3 мм, таркибида 10 — 11% қуруқ модда, 2—6% қанд, крахмал, 1,5% оқсил, ёғ, клетчатка, витамин С (100 г да 800 мг), оз микдорда витамин В, ва В2, каротин бор. Уруғи фев. бошида парник ёки иссиқхонага сепилади. 8—12 кунда майсалари кўриниб қолади. Биринчи чинбарг чиқарганда кўчириб, 5—8 см ораликда ўтқазилади. Кўчатлари парникда 5—10 кун оралатиб, икки марта (10 л сувга 7—8 г селитра, 25 г суперфосфат ва 15 г калий тузи) озиклантирилади. Кўчатлар далага апр. нинг биринчи ярмида 70×30 см оралиқ билан экилади. Ҳар гектар ерга 100 кг соф азот, 120 кг соф фосфор, 60 кг соф калий ҳисобидан минерал ўғит ва 10—15 т чириган гўнг солинади. Гўнгнинг ҳаммаси, фосфор ва калийли минерал ўғитнинг 75% кузги шудгорлаш олдидан, қолган қисми ва азотли ўғит ўсиш даврида ерга солинади. Дастлаб ҳар 8—10 кунда, кейин ҳар 11 — 13 кунда суғорилиб, қатор оралари 4—5 марта юмшатилади. Етилишига қараб бир неча марта териб олинади. Ҳар гектардан 300 ц гача ҳосил беради. Овқатга ишлатилади ва консервалар тайёрланади. Ўзбекистонда экиладиган навлари: Болгар 79. Ўртапишар нав, меваси яшил, кесик пирамида шаклида.
Тошкент совғаси. Ўртапишар нав, касалликка чидамли, меваси конуссимон, серҳосил, уруғи кам, оғирлиги90—115г.
Йирик сариқ903. Меваси тўқ яшил, хиёл қовурғали (яна қ. Қалампир).
Ад.: Бўриев Ҳ., Абдуллаев А., Томоркэ сабзавотчилиги, Т., 1994.
Ориф Қодирхўжаев.