БОЛАЛАР ЎЙИНЛАРИ

БОЛАЛАР ЎЙИНЛАРИ — болаларни ақлий, ахлоқий, жисмоний ва эстетик тарбиялаш воситаларидан бири. Болалар ўйинлари болаларнинг ҳар томонлама камол топишига катта таъсир қилади. Ўйин вақтида сезги, идрок, тафаккур, хаёл, хотира, диққат, ирода, ҳиссиёт ва б. руҳий жараёнлар иштирок этади. Болалар ўйинларининг 3 асосий хусусияти бор. Биринчидан, бола ўйин фаолиятини эркиы, ўз хоҳиши б-н бажаради. Иккинчидан, мазкур фаолиятнинг ижодий ва фаоллигидир. Учинчидан, ўйин ҳаракатларининг жўшқинлиги: бола ўйинга қизиқиб кетади, завқланади, унда ўртоқлик ҳисси кучаяди ва ҳ. к. Б. ў. мазмунига қараб ўйинчоқли, воқеабанд (сюжетли), ҳаракатли ва дидактик ўйинларга бўлинади:

1) ўйинчоқли ўйинлар асосан мактабгача тарбия ёшидаги болаларнинг ўйинларидир (содда ўйинчоқлар, мас, шиқилдоқ, кубиклар ўйнаш; қум б-н ўйнаш);

2) воқеабанд ўйинларда болалар катталар фаолиятига тақпид қилишади. Бу ўйинлар боланинг ташқи муҳитидаги воқеликни акс эттиради (мас, «бола боқиш», «овқат пишириш», «боғчабоғча» ўйнаш ва б.) Болалар улғайган сари уларнинг воқеабанд ўйинлари ҳам мураккаблаша боради;

3) ҳаракатли ўйинларни болалар яккаякка ёки биргаликда бажарадилар (мас, копток ўйнаш, тез югуриш ва б.). Бу ўйинлар мактаб ёшидаги болаларга айниқса фойдалидир: болалар соғлиғини мустаҳкамлайди, уларни иродали қилиб тарбиялашга ёрдам беради. Болаларнинг спорт ўйинлари ҳам ҳаракатли ўйинлардандир;

4) дидактик ўйинлар ни тарбиячилар ўйлаб топади. Бу ўйинлар боғчаларнинг катта гурухларида тарбияланадиган ва бошланғич синфларда ўқийдиган болаларга мўлжалланади (мас, табиийилмий мавзуларга, чет тили сўзларини эслаб қолишга оид, лото ўйнаш ва ҳ. к.). Бу ўйинлар болаларда сезги, идрок, диққат, хотира, зеҳн каби сифатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Болани соғлом ва бақувват бўлиб ўсишига имкон беради.