БОЛАЛАР ЎЙИН ҚЎШИҚЛАРИ — фольклор жанри. Болалар ўйини жараёнида айтилади. Болалар ўйинининг таркибий қисми бўлиб, ўйин учун замин, кайфият ҳозирлайди, иштирокчилар ҳаракатини тўлдиради, драматик ҳолатни юзага келтиради. Узбек болаларининг кўплаб анъанавий ўйини кўшиқлари бор. Одатда, болалар ўз ўйинларини чек ташлаш ёки санамалар («Бир, икки…ўн олти», «Чорий чамбар» ва б.), шунингдек «Ўрта қўл топиш», «Гулдур гуп» ва б. ёрдамида бошлайдилар. Ўғил ва қиз болалар ўртасида «Тўп», «Тўп тош», «Читтигул» каби ўйинлар кенг тарқалган ва ўзига хос қўшиқдари ҳам бор. Болалар ўз даврасида уларни айтиш орқали қўшиқчилик маҳоратини намойиш этадилар, акалари, келинойилари ва б. ни тасвирлайдилар. Копток ўйинида айтиладиган қўшиқ коптокнинг ер ёки деворга урилишига ҳамоҳанг бўлиб, у орқали ютуқлар сони ҳисобланади. Харакат ва овознинг ритмик бирлиги ўзига хос мусиқийлик яратиб, боланинг ўйин ҳолатидаги кайфиятини ифодалайди. Унда маълум тарихий давр, болалар ўсаётган шароит, оилавий муҳит ва бунга уларнинг муносабати, шунингдек кайфият ва кечинмалари яққол сезилиб туради.
Болалар ўртасида кенг тарқалган «Оқ теракми, кўк терак?», «Чучвара қайнайди», «Тепдим, сандиқ очилди», «Думсиз тулки», «Қуёним, қуёним, не бўлди» каби ўйин ва уларнинг қўшиқлари Ўзбекистоннинг турли жойларида турлича номда учраса ҳам, мазмуни асосан бир хил. Болаларнинг ўзаро муомала маданиятининг ошиши, киришимлилик, дилкашлик каби фазилатларининг шаклланиши, шунингдек хам жисмоний, ҳам маънавий ўсишида бундай қўшиқлар муҳим аҳамиятга эга.