БОЛАЛАР МУСИҚАСИ

БОЛАЛАР МУСИҚАСИ — болаларнинг тинглаши ва ижро этиши учун мўлжалланган мусиқа асарлари. Болалар мусиқаси намуналари содда шакли, ёрқин ифодаси, жонли бадиий мазмуни билан ажралиб туради. Болалар ҳаёти, халқ эртаклари, табиат манзаралари, ҳайвонот дунёси Болалар мусиқасида уз ифодасини топади. Болалар ижросига мўлжалланган асарларда уларнинг ижро имкониятлари (мас, болалар овозининг кулами, хорда куйлашга тайёрлиги, ижро усули мураккаблиги ва ҳ. к.) назарда тутилади. Болалар тинглаши учун махсус яратилган мусиқа асарлари орасида талайгина саҳна асарлари (опера, балет, мусиқали спектакль), кинофильм ва мультфильм, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларга ёзилган мусиқалар ҳам мавжуд. Болалар ва айни улар учун катталар томонидан ижро этиладиган халқ мусиқа ижодиёти намуналари (қўшиқ, мусиқий томоша ва ўйинлар) Болалар фольклорига киради.

И. С. Бахнинг «Анна Магдалена Бахнинг нота дафтари», П. Чайковскийнинг «Болалар альбоми», Р. Шуманнинг «Ёшлар альбоми», К. СенСанснинг «Хайвонлар карнавали» оркестр фантазияси, С. Прокофьевнинг «Петя ва бўри» симфоник эртаги, К. Орфнинг «Болалар учун мусиқа» 5 жилдли тўплами (Г. Кетман билан ҳамкорликда) Болалар мусиқасининг ёрқин намуналаридир.

Ўзбекистонда Болалар мусиқаси 20-а. нинг 30-й. ларида юзага келган. Илёс Акбаров, Ҳ. Муҳамедова, К. Абдуллаевлар биринчи болалар қўшиқлари, В. Успенский, Б. Надеждинлар болалар учун илк фортепиано асарлари яратган. Лекин 1950—90-й. лардагина Болалар мусиқаси тизим тарзида ривожтопди. М. Бурҳонов, А. Муҳамедов, F. Қодиров, Н. Норхўжаев, Е. Шварц, А. Мансуров ва б. оммабоп қўшиқлар, С. Варелас, Б. Гиенко, Д. Зокиров, Г. Мушель, Ф. Назаровлар турли жанрларда чолғу асарлар. Х Азимов, С. Абрамова, П. Холиқов, Ғ. Қодиров каби композиторлар болалар мусиқа таълимига оид асарлар ёзган. Болалар учун опера («Ёрилтош», С. Бобоев; «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи», С. Варелас; «Маликаи айёр», С. Жалил; «Али Бобо ва қирқ қароқчи», В. Милов; «Хайвонлар султони», А. Мансуров ва б.) ва балетлар («Олтин калитча», Б. Зейдман; «Гўзал Василиса», А. Берлин), мусиқали комедия («Доно қиз ва аҳмоқ подшо», Д. Зокиров ва б.) яратилган. Композиторлардан Т. Тошматов, Н. Норхўжаев, М. Бафоев, А. Эргашев, А. Набиев, А. Мансуров ва б. ёш томошабинлар ва қўғирчоқ театрларида саҳналаштирилган спектаклларга мусиқалар яратишган.