БОЛАЛАР КИНОСИ

БОЛАЛАР КИНОСИ — болалар ва ўсмирларга мўлжалланган бадиий, ўқув, ҳужжатлихроникал, мультипликацион (расмли ва қўғирчоқ) фильмлар. Болалар қизиқадиган мавзулар акс эттирилади, фильм мазмуни уларнинг руҳияти ва тилига яқин, ёши ва тушунчасига мое бўлади. Болалар киносида (театрдан фарқли) болалар ролини шу ёшдаги болалар ўйнайди. Кино санъатининг махсус соҳаси сифатида 1920—30-й. ларда ажралиб чикди.

Ўзбекистонда биринчи Болалар киноси («Қилич», реж. Й. Аъзамов) 1935 й. да яратилди. Ўзбек Болалар киноси биринчи қадамиданоқ замонавий мавзуга мурожаат этди. Овозсиз бу фильмда ёшларни техникани эгаллашга чорлаш мавзуси кўтарилган. Шундан сўнг узоқ йиллар мобайнида Болалар киноси ишланмади. Замонавий эртак жанридаги «Пахтаой» (К. Ёрматов, 1952) биринчи узбек овозли Болалар киноси бўлиб, унда ўзбек халқининг миллий бойлиги пахтадан нималар олиниши ҳақидаги илмий далиллар эртак асосида ёритилган. Фильмнинг тасвирий воситалари ўша давр техникасидан ўзиб кетган, бунга муаллифларнинг изчил изланишлари, бой фантазияси, кинематографик ихтиролари туфайли эришилган. 1957 й. да саргузашт жанрида «Саҳродаги воқеа» (3. Собитов) фильми яратилди. 60-й. лар ўзбек Болалар киноси тараққиётида юксалиш даври бўлди. «Сен етим эмассан», «Тошкент — нон шаҳри» (Ш. Аббосов, 1962, 1967), «Нафосат» (Э. Эшмуҳамедов, 1966), «Олмос» (Д. Салимов, 1966) каби фильмлар суратга олинди. 70—80-й. ларда ўзбек Болалар киносининг мавзу ва жанр доираси кенгайди. Эртак ва саргузашт жанрларида, тарихий ва замонавий мавзуларда фильмлар яратилиб, ахлоқиймаънавий муаммолар ўртага ташланди. «Семурғ», «Кундалик дафтар, хат ва биринчи синф ўқувчиси» (Ҳ. Файзиев, 1971, 1985), «Аччиқ данак» (Қ. Камолова, 1974), «Пойга автомобилидаги жасур болалар», «Шум бола» (Д. Салимов, 1975, 1977), «Комила» (М. Оғамирзаев, 1981), «Акмал, аждарҳо ва малика», «Акмалнинг янги саргузаштлари» (Ю. Степчук, 1981, 1983), «Орзулар оғушида» (Ф. Зайнутдинов, 1986), «Унсиной» (О. Эргашев, 1987), «Бир мавсумли даҳо» (С. Назармуҳамедов, 1989) каби фильмлар шулар жумласидан.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач Болалар киносида ҳам кескин бурилиш ясалди. Миллий мавзу, халқимизнинг миллий анъаналари, ватанга меҳрмуҳаббатни ифодаловчи қатор фильмлар яратилди. Фильмлар узбек тилида суратга олина бошлади. Фаол ва иқтидорли, миллий руҳни, халқчилликни ифода этувчи реж. ларнинг янги авлоди етишиб чиқди. Қишлоқ болалари ҳаётига бағишланган «Тангалик болалар» (Т. Юнусов, 1991), «Абдуллажон» (3. Мусоқов, 1991), «Кулол ва хурмача» (Г. Бзаров, 1991), драматик, детектив элементлар билан йўғрилган замонавий, фантастик мусиқали комедия «Тилсимой — ғаройиб қизалоқ» (М. Боймуҳамедов, 1999) ва «Кичкина табиб» (3. Мусоқов, 1999) фильмлари сўнгги йиллардаги энг яхши фильмлардан.

«Ўзбекфильм» студияси Ўрта Осиёда биринчи бўлиб болаларга мўлжалланган қўғирчоқ ва расмли мультипликацион фильмлар ишлаб чиқармоқда. «6×6 квадратида» (Ю. Петров, Д. Салимов, 1965) биринчи суратга олинган мультфильмдир. 1978 й. да «Ўзбекфильм» студияси қошида расмли ва қўғирчоқ фильмлари уюшмаси ташкил этилган (1995 й. дан «Анимация киносанъати уюшмаси» номида). Мустақилликдан кейин айниқса М. Маҳмудов, С. Муродхўжаева, Н. Тўлахўжаев, А. Собиров, Н. Смирнов, И. Кривошеева, Д. Ботирова, С. Алибеков, Д. Власов каби реж. ларнинг ижоди янада камол топди. «Оймома Бўрсиқ» (реж. Н. Смирнов, 1998), «Булбул» (М. Маҳмудов, 1999; 4Халқаро болалар кинофестивалида 1мукофот «Олтин балиқ»га сазовор бўлди), «Алпомиш» (6 қисмли, Н. Тўлахўжаев, 1998—2001), «Янги шохча ва баҳор ёмғири ҳақида» (реж. С. Силка, 2000), «Тўти» (С. Муродхўжаева, 2000) ва б. кейинги йилларнинг энг яхши мультфильмларидир.

2 қисмли «Вахт гуллари» (реж. М. Зокиров), «Эркатой» (реж. Н. Ғозиева) каби телефильмлар ҳам болаларга бағишланган. 1993 й. дан «Ўзбекфильм» студиясида болаларга мўлжалланган «Зумраша» ҳажвийюмористик киножурнал мунтазам равишда чиқа бошлади (бадиий раҳбар А. Қобулов, 1997 й. дан Ю. Розиқов).

Дунёда махсус студиялар: Америкада У. Дисней студияси (1923), Россияда болалар ва ўсмирлар учун фильмлар ишлаб чиқарувчи Марказий киностудия ташкил этилган. Шунингдек, Болалар киноси кўпгина бошқа мамлакатлар (Болгария, Венгрия, Польша, Франция, Япония, Ҳиндистон ва б.)да ҳам ишланмоқда. «Микки Маус» («Кичик сичқон») ҳақидаги туркум, «Бемби», «Винни Пух», «Сеними, шошмай тур!» кабилар энг машҳур фильмлардир. Солерно (Италия), Хихон (Испания), Эшпиньо (Португалия) каби шаҳарларда Халқаро болалар фильмлари фестиваллари ўтказилмоқда.

Махсура Мирзамуҳамедова.