БОЛАЛАР БОҒЧАСИ — мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбияловчи муассаса. Биринчи марта 1837 й. Германияда немис педагоги Ф. Фребель томонидан ташкил этилган. Болалар боғчаси халқ таълими тизимининг дастлабки бўғини ҳисобланади (қ. Мактабгача ёшдаги болалар тарбияси). Ўзбекистонда одатдаги Болалар боғчаси 3—7 ёшли болаларга мўлжалланган. 2 ойликдан 7 ёшгача бўлган болалар тарбияланадиган яслибоғчалар ҳам бор. Бундан ташқари соғломлаштириш боғчалари, жисмоний ва ақлий нуқсонли болалар учун боғчалар, уйбоғча, мавсумий боғчалар (асосан қ. х. ишлари кўпайган вақтда ташкил этилади), «болалар боғчасимактаб» мажмуи ҳам мавжуд. Болалар боғчаси ҳокимиятнинг ижроия органлари томонидан туман, шаҳар, муассаса, корхона, хўжаликда ташкил этилади. Болалар боғчаси қайси ташкилот қарамоғида бўлишидан қатъи назар ЎзР Халқ таълими вазирлиги уни кадрлар билан таъминлайди ва фаолиятига илмийпедагогик жиҳатдан раҳбарлик қилади. Ўзбекистондаги боғчаларда болаларга чет тиллари, хореография, тасвирий ва мусиқа санъати, компьютер саводхонлиги асосларини ўргатувчи 800 дан ортиқ гуруҳ ташкил этилган. 2000 й. ЎзРда 6742 Болалар боғчаси ишлади, уларда 608 минг 500 бола тарбияланди.