БОКУ (озарбайжонча Бакы) — шаҳар, Озарбайжон пойтахти. Озарбайжоннинг йирик саноат, фан ва маданият маркази. Т. й. тугуни. Каспий денгизининг ғарбий соҳилидаги йирик порт. Апшерон я. о. нинг жан. қисмида. Бокунинг марказий қисми Боку бухтасига зинапоясимон пасайиб тушувчи амфитеатр шаклида жойлашган. Янв. нинг ўртача т-раси 3°, июлники 25—30°, йилига 180—300 мм ёғин ёғади. Куз фаслида кўпинча кучли шамоллар бўлиб туради. Аҳолиси 1080,5 минг кишидан зиёд (1999; шаҳар кенгашига бўйсунувчи аҳоли пунктлари б-н бирга 1713,3 минг); 19-а. аввалида Бокуда 4,5 минг киши, аср сўнгида 112 минг киши яшаган. Аҳолиси асосан, озарбайжонлар ва руслар, шунингдек яҳудийлар, доғистонликлар ва б. ҳам бор.
Боку биринчи марта 5-а. ёзма манбаларида, шунингдек Шарқ географлари (Истахрий, АлМаъсудий, АлМуқаддасий) асарларида эса 9—10а. лардан тилга олинади. Муқаддасий асарида Бокунинг порт шаҳарлиги айтилган. Бокуда нефть конлари борлиги ҳақида Ёқут Ҳамавий, Закариё алҚазвиний, Ҳамдуллоҳ Казвиний, Авлиё Чалабий, Абдурашид Бакувий асарларида маълумотлар келтирилган. Ўша замонлардаёқ Бокуда нефть чиқарилган ва Шарқ мамлакатларига, жумладан Ўрта Осиёга ҳам жўнатиб турилган. 12-а. нинг 2-ярмидан Ширвон давлатининг сиёсий маркази бўлган. Каспий денгизи бўйидаги шаҳарларнинг савдо алоқалари Боку порти орқали амалга оширилган. Боку қалъаси 15—16-а. ларда Жан. Кавказдаги кучли қалъалардан бири бУлган. 1540 й. да Бокуни Сафавийлар эгаллади, 1580-й. ларга келиб турклар давлати таркибида. 1604 й. да Эрон шоҳи Аббос I Б. қалъасини забт этди. 17-а. да Боку анчагина катта шаҳар ҳисобланган. Турк сайёҳи Авлиё Чалабийнинг ёзишича, Бокудан олинаётган нефть шоҳ хазинасига катта даромад келтирган. 1723 й. шаҳарни рус қўшинлари босиб олди, лекин 1735 й. да у Эронга қайтариб берилди. 1747 й. дан Боку хонлигининт пойтахти бўлган. Кейинроқ, РоссияЭрон уруши даврида (1804—13) Бокуни Россия икки марта босиб олди (1806 ва 1813). 1897-1907 й. ларда Боку Батуми нефть қувури ўтказилган. 1901 й. Б. конларидан 11,4 млн. т нефть қазиб олинди (жаҳонда қазиб олинган нефтнинг 50%). Б. 1917 й. гача губерня маркази бўлган. 1917 й. 31 окт. (13 нояб.) да Бокуни большевиклар эгаллаб, шўролар ҳокимиятини ўрнатди. Аммо зўрлик билан ўрнатилган ҳокимият 1918 й. 31 июлда ағдариб ташланди. 1920 й. 28 апр. да ҳокимият марказдан юборилган Қизил Армия ёрдамида яна большевиклар кулига ўтди ва Б. Озарбайжон Республикасининг пойтахти деб эълон қилинди. 1991 й. авг. дан Боку мустақил Озарбайжон Республикаси пойтахти.
Бокуда нефть ва газ чиқариш, нефтни қайта ишлаш, нефтькимё, кимё, машинасозлик (нефть саноати учун жиҳозлар и. ч., электротехника, радиоэлектроника ва б.), металлсозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Боку бир қанча йирик иссиқлик электр ст-ялардан иборат ўз энергетика системасига эга. Шаҳардаги кўп сонли саноат корхоналари орасида нефть конлари алоҳида ўрин тутади. Бокунинг шарқий қисмида нефтни қайта ишлайдиган з-длар (Янги Боку, Қораев номли ва б.), кимё, машинасозлик, металлсозлик з-длари (юқори вольтли аппаратура, совуткичлар, телевизор, газ аппаратлари ва б. ишлаб чиқарувчи корхоналар); енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари (тўқимачилик, камволь, майин мовут к-тлари, пойабзал фкалари, гўшт к-ти, ун з-длари ва б.) ишлаб турибди.
Боку — йирик транспорт тугуни. Юк оборотила денгиз савдо порти етакчи ўринни эгаллайди. Боку — Туркманбоши (собиқ Красноводск) ўртасида денгиз пароми ишга туширилгандан кейин унинг аҳамияти янада ортди. Халқаро аэропорт бор. Шаҳар атрофига қатновчи темир йўл Б. ни саноат корхоналари, конлар, курортлар билан боглайди. Боку билан РостовДон, Тбилиси, Ереван, Астара ш. лари т. й. орқали боғланган. Шаҳарда 1924 й. дан трамвай, 1932 й. дан автобус, 1941 й. дан троллейбус қатнови йўлга қўйилган. 1967 й. Б. да метрополитен ишга туширилди. Боку атрофида янги йўлдош шаҳарлар барпо этилди: Забрат, Маштага, Дубенди ва Приморск.
Бокуда тарихий ёдгорликлардан Синиққалъа (Па.), Қиз қалъаси (12-а.) миноралари, қад. саройлар, Ширвоншоҳлар саройи (15-а.), Сафавийлар сулоласи давридаги (17а) карвонсарой, шунингдек қасрлар, миноралар, масжидлар сақланиб қолган. 1920-й. ларда шаҳарнинг эски қисми таъмирланди, янги боғ ва майдонлар барпо бўлди. Низомий музейи, Вазирлар Кенгаши биноси, катта стадион ва б. қурилди.
Бокуда 1945 й. да Озарбайжон ФА ташкил этилган. 11 олий ўқув юрти, шу жумладан 3 унт, 7 театр, қарийб 30 музей (шу жумладан санъат музейи, гиламчилик музейи, амалий санъат музейи) бор. Боку ва унинг атрофида кўпгина курортлар жойлашган.