БОККАЧЧО (Boccaccio) Жованни (1313, Париж—1375.21.12, Чертальдо, Флоренция яқинида) — итальян ёзувчиси, Европа Уйғониш даври адабиётининг йирик вакили. Неаполда ҳуқуқ фанларини ўрганган. Боккаччо Флоренция сиёсий ҳаётида фаол қатнашган. Дастлабки асарлари («Филоколо», 1336; «Филострато», 1338)да ишқий саргузаштлар тасвирланган. Боккаччонинг антик мифология сюжетлари асосида яратилган «Амето» (1341), «Фьезолан парилари» (1345) пастораллари, «Фьяметта» (1343) қиссаси ҳамда сонетлари бор. Юзта новелладан иборат «Декамерон» (1350—53) асари Боккаччо ижодининг чўққиси ҳисобланади. Унга 7 жувон ва 3 йигитнинг 10 кун давомида айтган ҳикоялари асос бўлган. Асар номланиши (юн. декамерон — ўн кунлик) шундан. Боккаччо бу асарида хурофотга қарши оддий инсон ва унинг эркин муҳаббатини улуғлаб, зоҳидона ҳаётни рад қилган. Боккаччонинг ижоди Уйғониш даври итальян ҳикоячилигидагина эмас, балки 15—16-а. лар Европа адабиётида ҳам реализмнинг шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлди. Ёзувчи ҳаётининг сўнгги йилларида «Қузғун» (1354—55) достони ва «Данте Алигьери ҳаёти» (тахм. 1360) китобини ёзган. «Декамерон» ўзбек тилига Қ. Мирмуҳамедов томонидан таржима қилинган (1978).