БОКИЙ

БОКИЙ (тахаллуси; асл исми Мирзаабдулла Насриддинов) (1882.9.5 — 1967.4.4, Фарғона вилояти Риштон қишлоғи) — ўзбек адабиётшуноси (манбашунос), шоир. Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси (1943). Шарқ-мумтоз адабиётини чуқур билган, халқ орасида навоийхон, бедилхон деган ном олган. Алишер Навоий юбилейини ўтказиш Республика қўмитаси тузилиши (1938 й. 15 сент.) муносабати билан қўмита илмий маслаҳатчиси (1938). Ўзбекистон Тил, адабиёт, тарих ин-тида бош маслаҳатчи (1940—43). Навоий асарларини эски узбек ёзувидан янги ёзувга ўтказишда кўмаклашган. Муқимий, Нодим Намангоний, Рожий Марғилоний ва Рожий Кўхандийлар билан ўтказилган мушоараларда қатнашган. Узбек ва форс тилларида ғазаллар ёзган, Навоий асарларига мухаммаслар боғлаган. Навоийнинг Ту«ҳфат улафкор» қасидасини форсчадан ўзбекчага таржима қилган (1939).