БОЙЧЕЧАК (Gageastipitata) — пиёздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Бўйи 7—20 см. Илдиз бўғзи барги битта, ипсимон, яшил, туксиз, узунлиги ўсимликнинг бўйига тенг келади. Поя барглари навбат билан жойлашган, пасткилари қалами ёки қаламинаштарсимон, пояни бир оз ўраб туради. Гулқўрғони 6 та, оддий тожсимон, туташмаган, сарғиш, 5—7 мм узунликдаги гулбарглардан ташкил топган. Чангчиси 6 та, гулқўрғонига нисбатан сал қисқа. Тугунчаси 3 уяли. Кўсакчаси бандчали, гулқўрғондан 1,5 баравар қисқа. Бойчечак баҳор даракчиларидан бири. Фев. —март ойларида гуллаб, мева беради. Чўл ва адирларнинг соз тупроқ, қумлоқ ҳамда тошлоқ тупрокли ерларида ўсади. Бойчечак Афғонистон ва Эронда ҳам учрайди. Ўзбекистоннинг айрим жойларида заъфарон (Crocus alatavicus) ва савринжон (Colchicum liteum)ни ҳам Бойчечак деб аташади.