БОЙТЕМИРОВ Насирдин (1916, Чу тумани Кегети қишлоғи) — Қирғизистон халқ ёзувчиси (1986). Адабиёт интини битирган (Москва, 1955). Дастлаб ўқитувчи, кейинчалик республика газ. да махсус мухбир. «Азамат» (1948), «Салтанат» (1949), «Охирги ўқ» (1955), «Тарих эсдалиги» (1966) ва б. асарларида 2-жаҳон уруши жанглари, урушдан кейинги қайта қуриш воқеалари ўз ифодасини топган. «Қизил йўллик» (1964), «Урқуя» (1976), «Адику» (1984), «Турмуш шундай» (1986) ва б. роман, повесть, пьесаларида қирғиз меҳнаткашларининг турмуш тарзи акс этган. Шеър ва достонлардан иборат «Юрак куйлари» (1955), «Муҳаббатим — қанотим» (1981) тўпламлари бор. «Эртаклар» (1939) тўплами болаларга бағишланган. Баъзи шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.