БОЙСУН

БОЙСУН — Сурхондарё вилоятидаги шаҳар (1975 й. дан), Бойсун тумани маркази. Бойсундан Термизгача бўлган масофа 145 км, энг яқин т. й. стяси Элбаёнгача — 72 км. Кетмончопти тоғининг жан. ён бағрида, Ҳангаронсой бўйида, денгиз сатҳидан қарийб 1240 м баландликда. Шим. қисмида Сариосиё ва Авлод қишлоқларига туташган. Аҳолиси 20,6 минг киши (2000).

Б. Сурхондарё вилоятидаги энг қад. аҳоли манзилларидан. Бойсуннинг шим. ғарбида Тешиктош гори жойлашган. Бойсунда мил. ав. тахм. 5-минг йиллик охирида аҳоли яшаганлиги маълум. Мил. ав. 1-а. —мил. 1-а. да Бойсун ўрнида Поикалон номли мустаҳкам қалъашаҳар мавжуд бўлган. Мил. 6—13-а. бошларида Бойсун ўрнида Чағониён ш. ларидан бири — Босанд жойлашган. Абу Исҳоқ Истаҳрийнинг «Китоб масолик ва алмамолик» («Мамлакатлар йўллари тўғрисида китоб»)ида ҳам Босанд деб таърифланган. «Ҳудуд улолам»да Босанд кўп сонли ва жанговар аҳолили мустаҳкам жойдир дейилган. Босанд Чағониён марказидан Темир қапиғ орқали Самарқандга борадиган савдо йўли устида жойлашган.

Археологик манбаларга кўра, Босандда ҳаёт илк ўрта асрлардан мўғуллар истилосигача давом этган. Мўғуллар босқинида вайрон бўлган шаҳар кейинроққайта тикланган. Чиғатой улуси таркибига мансуб кўчманчи турк қавмлари унга «Бойсун» деб ном берганлар. «Бойсун» атамаси қад. туркийча «бой» ва «син»дан олиниб, «улуғ тоғ» ёхуд «катта тоғ» маъносини англатган. Қад. туркий қавмларда бошқа нарсаларга сиғинишлар қаторида тоққа сиғиниш ҳам мавжуд бўлиб, тоғлар муқаддас саналган. Маҳаллий ривоятларга кўра, бу ерда қадимдан туркий қавмларнинг бадавлат кишилари яшаган бўлиб, «Бийсун» атамаси «бойлар қишлоғи» маъносини англатган. Бойсун мавзеси «Зафарнома»ая ҳам қайд этилган. 19-а. да Бойсун Бухоро амирлиги даврида Сурхондарёдаги учта бекликдан бирининг маркази бўлиб, унда бадавлат узбек аҳолиси яшаган.

Бойсуннинг жан. қисмидан вилоятлараро автомобиль йўллари ўтган. Шаҳар аҳолиси кулолчилик, темирчилик, заргарлик, каштачилик, дурадгорлик, косибчилик, қандолатчилик билан шуғулланади. «Ишонч» акциядорлик жамияти корхонасида асосан шойи, жумладан абрли атлас, беқасам, трикотаж кийимлар, тўнчопонлар тайёрланади. Бойсунда 5 умумий таълим мактаби, спорт ва мусиқа мактаблари, меҳрибонлик уйи, 2 кинотеатр, 6200 ўринли стадион, клуб, 10 кутубхона, 2 поликлиника, қишлоқ врачлик шохобчалари, санитарияэпидемиология ст-яси, ўрмончилик хўжалиги бор. Б. нинг ўртасидан Ҳангаронсой кесиб ўтган.

Бойсунда машҳур Ш«алола» ва «Ширу шакар» фольклорэтнографик ансамбллари фаолият кўрсатмоқда. Булар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон номоддий ёдгорликлар рўйхатига киритилди. «Алпомиш» достони яратилганлигининг 1000 йиллигини нишонлаш муносабати б-н Б. да дам олиш ва спорт иншоотларига эга бўлган «Алпомиш» боғи, «Алпомиш» музейи ташкил этилди.