БОЙЛАМ, бойламлар — суякларни бир-бирига бириктириб ёки ички аъзолар (жигар, талоқ, бачадон)ни ушлаб турадиган пишиқ бириктирувчи тўқимадан иборат тузилма. Бойлам бўғимларда яхши ривожланган бўлиб, турли ҳаракатлар қилишга имкон беради. Улар букилувчан, чўзилувчан, тарангланувчан бўлади. Бойлам жойлашган ўрни ва бажарадиган вазифасига кўра тасмасимон, юмалоқ, пластинкасимон ва пардасимон бўлиши мумкин. Бойламлар ғалтаксимон бўғимларда пишиқроқ бўлиб, суякларнинг фақат букилиш ва ёзилишига имкон беради, шарсимон бўғимларни эса бўғим юзасидан чиқмаслигини таъминлайди. Болаларда Бойлам ниҳоятда эластик; ёш улғайган сари Б. нинг бу хоссаси камайиб боради, баъзан Бойламга оҳак йиғилиши ва ҳатто қотиб қолиши мумкин. Бойламнинг чўзилиши ёки узилиши каби шикастланишлар учраб туради, бунда зудлик билан врачга мурожаат қилиш зарур; врач келгунча шикастланган Бойламни қаттиқ қилиб бинтлаш ва қимирлатмаслик лозим.