БОЙЗОҚ ДОДХОҲ, Бойзоқбий (1789—1864) — Авлиёота атрофидаги қозоқларни бошқариш учун Қўқон хони томонидан тайинланган ҳоким (додхоҳ). Катта жуз таркибидаги дуглат қабиласининг шимир уруғидан. Қўқон хонлигига қарши кайфиятда бўлган Бойзоқ додхоҳ яширинча ўғли Оқмолда (Оқмулла) ботир саркорлигидаги 1000 та йигитни Авлиёота яқинида турган рус қўшинларига ёрдамга юборган (1864). Бундан хабар топган Қўқон хонлиги амири лашкари Алимқул уни Чимкентга чақиртириб олиб, қатл қилган. 120 та қозоқ бийларининг сардори бўлган Бойзоқ додхоҳ ўлими Алимқулга нисбатан обрўли қозоклар оммасида кучли адоват уйғотди. Ана шу адоват оқибатида улар русларга кўнгилли аскарзобит бўлиб хизматга киришган. Бойзоқ додхоҳ ўғилу қариндошлари ва яқинларидан 400 киши генерал Черняев қўшини сафида Тошкент юришида қатнашди. Черняев 1864 й. нинг 27 сент. ида Тошкентга қилган юришида Бойзоқ додхоҳнинг ўғли Оқмулла юклар ортилган туяларни бошқариб борган, бошқа ўғиллари эса йўл бошловчи бўлиб хизмат қилишган. Жамбул вилоятида Бойзоқ додхоҳнинг ёдгорликлари ҳанузгача сақланган. Бойзоқ додхоҳ қозоқ халқини деҳқончилик билан шуғулланишга, ўтроқ ҳаёт кечиришни ўргатишда кўп меҳнат сарфлаган.
Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида, Т., 2000.