БОЗУЛБАНГ

БОЗУЛБАНГ (Lagochilus inebrians) — ялпиздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Бўйи 20—40 см, пояси ялтироқ, калин тук билан қопланган. Барглари кам тукли, гуллари поянинг ҳар бўғимида 4—6 тадан бўлиб, барг қўлтиғига жойлашган. Косабаргларининг учи тикансимон. Июндан авг. гача гуллайди. Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг тоғ этакларидаги соз тупроқ ерларда, тошлоқ ён бағирларида ва адирларда ўсади. Гуллаш даврида пояси ва баргларида лагохилин, стахидрин, смола, эфир мойи, ошловчи моддалар, қанд, органик кислоталар, флавингликозидлар, каротин, витамин С, кальций ва темир тузлари бўлади. Пояси ва баргларидан тайёрланган экстракт тиббиётда ишлатилади.