БОЗОР КОНЪЮНКТУРАСИ — муайян даврдаги бозор ҳолати; бозорда мувозанатнинг мавжудлиги ёки бузилганлиги билан характерланади. Шунга кўра Б. к. ижобий ва салбий, қулай ёки ноқулай бўлиши мумкин. Бозор конъюнктураси талабнинг ошиши билан характерланса, сотувчи учун қулай, чунки у товарини қимматга сотиб, ортиқча даромад куради. Агар бозорда таклиф ошиб кетса, конъюнктура харидор учун қулай бўлади — товарни арзонга олиб, наф кўради.
Бозор конъюнктурасини ўрганишда таҳлил этиладиган асосий масалалар: и. ч., талаб ва таклиф; товар ва уни сотиш; халқаро савдо; нархлар ҳолатлари; 1—1,5 йил учун олдиндан айрим тахминлар. Бозор конъюнктураси айрим товар и. ч. миқёсига ва сотиб олувчиларнинг харид қобилиятига, нархнавога, моданинг ўзгаришига қараб ҳар хил бўлади. Бозорнкнт келажакдаги ҳолатини — товарлар таклифини и. ч. нинг техникавий аҳволи, унга сарфланган қўшимча ресурслар ва уларнинг қайтим бериш муддатлари, товар захиралари ўсиши, экспорт ва импорт, шунингдек нархнаводаги ўзгаришлар йўналишига қараб аниқлаш мумкин, иккинчи томондан, инвестиция суммаси ва таркибига. корхона, ташкилотлар пул сарфининг йўналишига қараб, шунингдек аҳоли харид қобилиятини, унинг товарлар б-н таъминланиши даражасини ҳисобга олиб товарлар талаби ўрганилади. Бозор конъюнктурасини ўрганиш маркетингнинг зарурий шартларидан биридир. Бунинг учун дастлаб ўрганилиши лозим бўлган объект аниқланиб, конъюнктура маълумотларини берувчи манбалар ва асосий кўрсаткичлар билан танишиб чиқилади, тўпланган маълумотларга таяниб Бозор конъюнктурасининг ҳақиқий ҳолати аниқланади ва истиқболлар белгиланади.
Бозор конъюнктураси тахминлари миллим, минтақавий ва жаҳон бозорларига, айрим товарларга нисбатан аникланади. Бозор конъюнктурасини олдиндан кўра билиш иқтисодий тангликка йўлиқмаслик, бозор мувозанатига эришиш шарти ҳисобланади.
Аҳмаджон Ўлмасов.