БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИ — миллий қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ҳужжат; чегара орқали ўтадиган юк (экспорт товарлари, кишиларга тегишли юклар, қўлдаги анжомлар, валюта, қимматбаҳо буюмлар ва б.)лар ҳақидаги асосий маълумотлар қайд этилади. Божхона декларацияси жисмоний ва юридик шахс (декларант) лар томонидан тўлдирилади ва товарлар миқдори, уларнинг нархи ҳақидаги маълумотлар қайд этилади. Божхона декларацияси товар (мулк)ни мамлакат чегарасидан киритиш, чиқариш ёки олиб ўтиш учун рухсатнома вазифасини ўтайди. Божхона декларациясида қайд этилган товарларнинг божхона қоидаларига хилоф бўлмаслиги ва товарлар тўғрисидаги маълумотнинг тўлиқ бўлиши учун декларант жавобгар ҳисобланади. Божхона декларациясида қайд этилмаган барча товар (мулк)лар қрнунбузарлик ҳаракати саналиб, улар давлат фойдасига мусодара этилади ва декларант маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.