БОБОТОҒ

БОБОТОҒ — Сурхондарё вилоятининг шарқидаги тоғ тизмаси. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари чегарасида, Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида шим. шарқдан жан. ғарбга томон Амударё соҳилигача чўзилган. Уз. карийб 125 км, эни 30 — 40 км. Энг баланд чўққиси — Заркоса тоғи, 2290 м. Асосан палеоген ва юра даври оҳактошлари, гил, алевролит, қумтошлардан таркиб топган. Боботоғнинг шарқий ён бағри тик ва энсиз, тоғ олди текисликлари Кофарниҳон дарёси террасаларида жойлашган. Ғарбий ён бағри анча ётиқ ва кенг, асосий қисми паст тоғлардан иборат. Боботоғнинг ён бағирлари кўплаб қуруқ сойлар билан парчаланган. Бу ерда карст кенг Tapкалган. Иқлими қуруқ ва кескин континентал. Ўртача йиллик ҳаво т-раси тоғ этакларида 16°, ўртача баландликларда 8—10°. Йиллик ёғин миқдори 170 мм дан 350—400 мм гача. Тоғ ён бағирларида булоқлар, қиш ва баҳорда тўлиб оқиб, ёзда қуриб қоладиган сойлар бор. Бўз ва жигарранг тоғ тупроқларида хилмахил эфемер, эфемероид ўсимликлар ўсади. 800—900 м баландликларда наъматак, зирк, бодом ва пистазорлар учрайди. Ундан баланд жойларида (Бешарча, Заркоса тоғлари) арчазорлар бор. Б. Ўзбекистоннинг ёввойи тоғ эчкилари яшайдиган р-нларидан бири. Тоғ олдилари мол боқиладиган яйлов. Қумқўрғон туманининг О«ққопчиғай» жамоа хўжалигида дунёга машҳур сур қоракўл териси олинадиган қоракўл қўйлари боқилади. Токчилик хўжаликлари ҳам ташкил қилинган. Боботоғнинг Кофарниҳон водийсида суғориладиган деҳқончилик ривожланган. Боботоғда инсон хўжалик фаолияти таъсирида эрозия, яйлов дегрессияси (емирилиши) кенг тарқалган. Алоҳида муҳофаза қилиниши зарур бўлган ландшафт кўп.