БОБАЙТОҒ — Тошкент вилоятшщгп тоғ. Чатқол тизмасининг жан. ғарбий тармоғи. Бобайтоғнинг Оҳангарон водийси (Оҳангарон сув омбори соҳили)га қараган ён бағри тик. Энг баланд жойи 3555 м. Тоғнинг юқори қисмида альп типидаги рельеф шакллари бор. Ён бағирлари Оҳангарон дарёсининг ирмоқлари б-н кучли парчаланган. Сувайиргич қисми ясси. Шим. ён бағирлари камроқ парчаланган. Сой водийлари чуқур ва тор. Б. қуйи триаснинг интрузив кристалли жинслари (гранитпорфирит, сиенит, фелзитпорфирлар, туфли лава ва б.) дан ташкил топган. Бобайтоғдан Оҳангароннинг Жиблон, Кўйинди, Эртош, Яхандак каби серсув сойлари бошланади. Тоғ ён бағрида булоқлар ҳам мавжуд. Ён бағирларнинг қуйи қисмларидаги (1200—1600 м) қўнғир тоғ ўрмон тупроқларда шувоқ аралаш буғдойиқ, ундан юқорироқда ёнғоқзорлар, тоғолма, тоғолча, баландроқ ён бағирлардаги (1700—2800 м) жигарранг тупроқларда буғдойиқ, тоғшувоқ, тоғшайир ўт ўсимликлари орасида зарафшон арчаси, саурарча, юқорироқ қисмларида ўрикарча (туркистон арчаси) ўсади. Бобайтоғнинг сувайирғич қисмидаги майда шағалли жигарранг тупроқларда тоғ ксерофитлари, тошлоқ оч қўнғир тупроқларда турли ўтли бетага, коврак, қизилтикон тарқалган. Бобайтоғдан ёз ва кузда яйлов сифатида фойдаланилади.