БЛЮЗ

БЛЮЗ (инг. blues, blue devils — ғамгинлик, дилгирлик) — Миссисипи қоратанлиларининг якка ижро этилувчи лирик қушиғи; одатда. қайғу, ҳасрат, бахтни қўмсаш кайфиятларини ифодалайди. 19-а. охиридан маълум; 20-а. бошидан шаҳарларда яшовчи қоратанлилар орасида ҳам тарқала бошлайди ва профессионал мусиқачилар ижодида мумтоз шаклига эга бўлади. Илк намуналари — У. Хэндининг «Мемфис блюз» (1912) ва «СенЛуи блюз» (1914). Блюз сирғанувчи оҳанглар («блюз оҳанглари»), синкопалар, ижровий бадиҳагўйлик каби хусусиятларга эга. Блюз — жаз санъатининг асосий манбаларидан бири.