БИХЕВИОРИЗМ

БИХЕВИОРИЗМ (инг. behaviour хулқ) — 19-а. нинг охири — 20-а. даги америка психологиясининг етакчи оқимларидан бири. Бихевиоризм таълимоти асосида одам ва ҳайвон хулқида ташқи муҳитдан бўладиган таъсир, қўзғатувчи (стимул)га жавобан юзага келадиган хаттиҳаракат ва унга тааллуқли нутқий ва ҳиссий жавобларнинг мажмуи ётади. Бихевиоризм интроспектив психология инқирози шароитида ва ҳайвонлар психикасини экспериментал тадқиқ қилиш таъсири остида юзага келган. Чунки бундай тадқиқотларда инсон психикасини ўрганишда етакчи бўлган ўз-ўзини кузатиш методидан фойдаланиб бўлмаган, шунингучун ҳайвонларга назорат қилиб туриладиган туркум таъсирлар кўрсатиш ва бу таъсирларга ҳайвонлар томонидан бериладиган (берилаётган) жавоб реакцияларини қайд этиб боришга асосланган тажриба методикаси ишлаб чиқилган. Сўнг бу методика одам психологиясини ҳам ўрганишга кўчирилган. Позитивизм фалсафаси тамойиллари Бихевиоризмнинг умумметодологик асоси бўлиб хизмат қилган. Бу тамойилга кўра, фан, бевосита кузатиб бўлмайдиган онгни эмас, балки фақат бевосита кузатса бўладиган нарсаларнигина қайд этиши лозим. Бихевиоризм нуқтаи назаридан хулқ «стимул— реакция» (S—R) алоқаларининг мажмуи сифатида талқин қилинган (тушунилган). Бихевиоризмнинг илк ғоялари Э. Торндайк (1874 — 1949) асарларида ўз аксини топган. Бихевиоризм дастури ва шу атаманинг ўзи биринчи бор Ж. Б. Уотсон томонидан таклиф этилган (1913). Бихевиоризм илмий асосларининг шаклланишига В. М. Бехтерев ва И. П. Павловларнинг ишлари катта таъсир кўрсатган.

Бихевиоризм таълимотига кўра, одамда, у туғилган вақтда нисбатан оз (кам) сонли хулқнинг туғма тизимлари (нафас олиш, ютиш ва ш. к.) мавжуд бўлади ва кейинчалик шулар устига анча мураккаброқ хулқ жараёнлари қўшилиб боради. Муваффақиятли реакциялар мустаҳкамланиб боради ва кейинчалик ҳам «эффект қонуни»нинг қайта тикланиши анъанасига эга бўлади. Реакцияларнинг мустаҳкамланиб бориши «машклар қонунига» бўйсунади, яъни бир хил стимулларга жавобан бир хил реакцияларнинг қайтақайта такрорланавериши натижасида бу реакциялар ўз-ўзидан юзага чиқаверадиган бўлиб қолади.

Бихевиоризм 20-а. нинг 20-й. ларида юксак даражада ривожланди. Бихевиоризм атамаси ва тадқиқот методикаларининг асосий ғоялари антропология, социология ва пед. га ҳам татбиқ этилди. Хулқни ўрганиш борасида бир-бири билан боғлиқ бу фанлар Америкада бихевиорал фанлар деб аталадиган умумий ном олган. Ҳозир кўп ҳолларда Бихевиоризм ғоялари сақланиб қолган, 2-жаҳон урушидан кейин Бихевиоризм анъаналари қатор тадқиқотлар, шунингдек дастурли таълим (Скиннер) деб номланган америка концепцияларида давом эттирилган.

Ҳоз. замон психологиясида Бихевиоризм жиддий танқид ҳам қилинади. Бунинг сабаби Бихевиоризмда онг, тафаккур, ирода ва ш. к. асосий тушунчалар психологиядан четлаштирилади, психиканинг ижтимоийлик табиати инкор қилинади ва шуларнинг оқибатида инсон хулқи соддалаштирилиб юборилади.