БИССА

БИССА, каретта (Eretmochelus imbrigata) — судралиб юрувчилар синфи, тошбақалар туркуми, денгиз тошбақалари кенжа туркумига мансуб улкан тошбақа тури. Иккита кенжа тури маълум. Бири — Атлантика океани ва Ўрта денгизда, иккянчиси — Тинч ва Ҳинд океанида яшайди. Косасининг уз. 80—90 см. Устки қалқони тўқ қўнғир бўлиб, сариқ, тўқ қизил ёки қизғиш холхол ва чизиқча нақшлари бор. Қорин қалқони сариқ. Б. лар моллюскалар, бўгамоёклилар, асцидиялар ва сув ўтлари билан озиқланади. Урғочиси июнь—сент. да урчийди. Фақат кўпайиш даврида сувдан қурукдикка чиқади ва 4 см ча келадиган 150—200 тача тухумларини кимсасиз ороллардаги қумга кўмиб қўяди. Тухумларидан 60 кундан сўнг ёш тошбақалар чиқади. Бисса ҳар доим битта жойга тухум қўяди. Ёш тошбақалар косасини қоплаб турган шохсимон қалқончалар бир-бирининг устига черепицасимон жойлашган. Вояга етган Биссалар косасининг шохсимон қалқонларидан қимматбаҳо тароқлар, портсигаралар, қутичалар ва б. буюмлар тайёрланади. Гўшти ва тухумлари истеъмол қилинади.