БИРОДАРЛАШГАН ШАҲАРЛАР — турли давлатларнинг доимий дўстона алоқалар ўрнатган шаҳарлари. Улар Биродарлашган шаҳарлар жаҳон федерациясига бирлашган. 1963 й. дан бошлаб ҳар йили апр. ойининг охирги якшанба куни Жаҳон Биродарлашган шаҳарлар куни сифатида нишонланади. Биродарлашган шаҳарлар маҳаллий ҳокимият вакилларининг делегациялари, мутахассислар, бадиий ҳаваскорлик ва спорт жамоалари кўргазмалар, сайёҳлар алмашиш ва б. тадбирларда фаол иштирок этадилар. Биродарлашган шаҳарлар билан алоқаларнинг самарали усулларидан бири сифатида дўстлик кунлари ва ҳафталиклари ўтказиб турилади. Бу тадбирлар дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун хизмат қилади.
Тошкент ш. Сиэтл (АҚШ, 1973), Шанхай (Хитой, 1996), Кортрайк (Бельгия, 1982), Тунис (Тунис, 1973) ш. лари билан биродарлашган. Тошкент ш. б-н Сэул (Корея Республикаси), Саратов, Екатеринбург (РФ) ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланган (1997). Фарғона вилояти Фиок-Тхань вилояти (Вьетнам, 1981) б-н, Навоий ш. — Чжучжоу ш. (Хунань вилояти, Хитой, 1996) б-н, Ангрен ш. — Датун ш. (Шаньси вилояти, Хитой, 1995) билан биродарлашган.