БИРИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ

БИРИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ (1914—18) — давлатларнинг икки коалицияси: Марказий давлатлар (Германия, Австрия-Венгрия, Туркия, Болгария) ва Антанта (Россия, Франция, Буюк Британия, Сербия, кейинчалик Япония, Италия, Руминия, АҚШ ва б. ; жами 34 давлат) ўртасидаги уруш.

1914 й. 15 (28) июлда АвстрияВенгрия Сараеводаги қотилликаян баҳона сифатида фойдаланиб, Германиянинг тўғридантўғри тазйиқи остида Сербияга уруш эълон қилди. 19 июль (1 авг.) да Германия Россияга, 21 июль (3 авг.) да Францияга; 22 июль (4 авг.)да Буюк Британия Германияга қарши уруш бошлади. 1914 й. 10 (23) авг. да Япония Антанта томонида урушга кирди.

Урушнинг о1йларида Германия қўмондонлигининг Францияни тормор этиш ва уни урушдан чиқариш ҳақидаги мўлжали барбод бўлди, чунки рус қўшинларининг Шарқий Пруссияга ҳужуми бунга таъсир этди (1босқичда муваффақият қозонган 1914 й. ги Шарқий Пруссия операцияси рус армиясининг оғир мағлубияти билан тугади). 1914 й. авг. —сент. да рус қўшинлари Галиция жангида АвстрияВенгрия қўшинларини енгиб, Галициянинг катта қисмини эгалладилар, окт. ойида эса Польшадаги АвстрияВенгрия қўшинларининг қарши ҳужумини қайтардилар. 1914 й 16 (29) окт. да Германия блоки томонидан Туркия урушга кирди. Закавказье, Месопотамия, Суриянинг шарқий чегараси ва Фаластинда фронтлар вужудга кедди. 1914 й. дек. —1915 й. янв. да Туркия армияси Закавказьеда рус қўшинларидан мағлубиятга учради. 1915 й. Германия блокининг 268 дивизиясидан 107 таси рус фронтида эди. Рус қўшинлари чекиниб, Галицияни, Польшани ва Болтиқ бўйининг бир қисмини ташлаб чиқиб кетдилар. 1915 й. 10 (23) майда Италия Антантага қўшилди. 1915 й. 1 (14) окт. да ГерманияАвстрия блоки томонидан Болгария урушга кирди. 1915 й. Германия денгиз йўлларининг ҳукмрони бўлган инглиз флотини кўплаб сув ости жанглари ёрдамида ҳам ҳолдан тойдира олмади. 1916 й. Германиянинг Верден р-нида Ғарбий фронтни ёриб ўтишга уриниши барбод бўдди; бу озмикўпми рус қўшинларининг Галицияда бошлаган муваффақиятли ҳужумлари натижаси эди. 1916 й. 14 (27) авг . да Антанта томонида Руминия урушга кирди, бироқ йил охирига бориб румин армияси тормор қилинди. 1917 й. апр. —май ойларида инглизфранцуз армияларининг утказган ҳужум операциялари натижасиз бўлди.

Окт. тўнтаришидан кейин шўро ҳукумати урушаётган ҳамма давлатларга аннексиялар ва контрибуцияларсиз сулҳ тузиш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилди. Антанта ва АҚШ таклифни рад этди. Бундай шароитда шўролар давлати Брест сущи (1918)ни тузишга мажбур бўлди. 1918 й. майидан америкалик қўшинлар ҳаракат қила бошлаган Ғарбий фронтда (АҚШ 1917 й. апр. да урушга кирганди) ҳарбий ҳаракатлар Германия ва унинг иттифоқчиларининг тўла мағлубияти билан тугади. 1918 й. 29 сентда Болгария, 30 окт. да Туркия, 3 нояб. да АвстрияВенгрия, 11 нояб. да Германия таслим бўлади. Париж сулҳ конференцияси (1919—20)да Германия ва унинг иттифокчилари билан сулҳ шартномаларининг узилкесил шартлари ишлаб чиқилди. Урушга 38 давлат жалб қилинган эди. Ҳаракатдаги армиядагилар сони 29 млн. кишидан ортиқ бўлиб, сафарбар қилинганлар 74 млн. кишига етди. Урушган мамлакатлар 10 млн. кишисини йўқотди. 20 млндан ортиқ киши ярадор қилинди.

1916 й. 25 июнда Россия императори Николай II «Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия р-нида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш» ҳақида фармон чиқарди. Шунга биноан Туркистон аҳолисидан 250 минг киши мажбуран мардикорликка сафарбар қилиниши керак эди. Бу фармон халқ ғазабини қўзғаб, Туркистон қўзғолони (1916) га сабаб бўлди.