БИОТЕХНИЯ

БИОТЕХНИЯ, биотехника — табиий шароитда ҳайвонларни кўпайтириш ва маҳсулдорлигини ошириш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган овчилик соҳаси. Биотехния овланадиган ҳайвонлар захирасини кўпайтириш, озиқ базасини яхшилаш, яъни овчилик масканлари ва сув ҳавзаларига озуқабоп экинлар экиш, ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш ва муҳофаза қилиш; уларнинг инуя қуриши учун зарур бўладиган дарахт, бута ва баланд бўйли ўсимликларни экиш; тинч ва хилват жойлар ташкил этиш; ҳайвонлар учун ин қазиб қўйиш; зараркунанда йиртқичларни йўқотиш; касал ҳайвонларни даволаш; бошқа жойлардан ноёб ва қимматбаҳо ҳайвонларни кўчириб келтириб иқлимлаштириш каби тадбирларни амалга оширишдан иборат. Овланадиган ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини ошириш, мўйнали ҳайвонлар мўйнасининг сифатини яхшилаш, овланадиган балиқларни йириклаштириш мақсадида олиб бориладиган селекция ишлари ҳам Биотехния вазифаларига киради.